ЎзА Ўзбек

01.05.2018 21:05 Чоп этиш версияси

Спорт хабарлари

Ўсмирлар Олимпиадаси. Жорий йилнинг октябрь ойида Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ўтказилади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматидан хабар беришларича, айни пайтга қадар III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига 17 нафар ўзбекистонлик спортчи 15 та лицензияни қўлга киритган (академик эшкак эшиш ва спорт акробатикасида 2 кишилик жуфтликка биттадан лицензия берилган).

Мазкур Олимпия ўйинларига ҳозирги кунга қадар ёшларимиз оғир атлетика ва байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича учтадан, академик эшкак эшиш ва спорт гимнастикаси бўйича иккитадан, спорт акробатикаси, бадиий гимнастика, от спорти (конкур), таэквондо ва бокс бўйича биттадан йўлланмани қўлга киритди.

* * *

Футбол. Суперлига баҳсларининг 9-тур учрашувлари якунланди.

Турнинг илк баҳси Навоийда “Қизилқум” ҳамда "АГМК" жамоалари ўртасида ўтказилди. Унда “Қизилқум” клуби рақибларини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

“Қўқон-1912” ва “Бунёдкор” учрашувида кутилмаган натижа қайд этилди. Ўйиннинг 79-дақиқасида Носир Отақўзиев пойтахт жамоаси дарвозасини ишғол этиб, “Қўқон-1912”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Қаршидаги “Насаф” ҳамда “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги учрашувда майдон эгалари 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Суперлига баҳсларининг 9-туридан сўнг мусобақа жадвалида “Пахтакор” жамоаси 19 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

* * *

Эшкак эшиш. Самарқанд шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубогининг илк босқичи якунланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳаридан икки юздан ортиқ спортчи ғолиблик учун ўзаро рақобатлашди.

Кубок баҳсларида турли масофаларга эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳсларида Шахбоз Абдужабборов ва Абдулло Муҳаммадиев, Зафар Усмонов ва Шоҳжаҳон Нажмиев ғолиб бўлди.

Мусобақанинг яккалик баҳсларида Достонжон Бахриев, Бекзод Холмирзаев, Исломбек Мамбетназаров шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
14 347