ЎзА Ўзбек

28.02.2017 16:01 Чоп этиш версияси

Спорт байрами юқори савияда ўтди

Спорт байрами юқори савияда ўтди Олмалиқ шаҳрида “Спорт – саломатлик гарови” шиори остидаги республика спартакиадасининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спорт билан мунтазам шуғулланиш учун замонавий шароитлар яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни спортга кенг жалб этиш, уларни касб касалликларидан спорт ҳамда соғлом турмуш тарзи юритиш орқали муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган спартакиадада 350 дан ортиқ иштирокчи спортнинг олти тури бўйича ўзаро баҳслашди.

– Ҳар бир спорт тури бўйича ўтказилган баҳсларда мухлисларнинг иштирокчиларни фаол қўллаб-қувватлагани мусобақаларнинг янада қизғин кечишига ёрдам берди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Шавкат Собиров. – Ушбу мусобақа ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда иш самарадорлигини ошириш билан бирга, ҳудудларда спортнинг янада оммалашувига хизмат қилмоқда.

Стол тенниси, бадминтон, сузиш, шахмат-шашка бўйича эркаклар ўртасида Жаҳон Абдураззоқов, Сергей Мўминов, Алексей Варавин, Нусрат Жумаев, Раҳматжон Тошматов, аёллар баҳсида Ирина Шоаҳмедова, Элвира Юсупова, Феруза Денитева, Шаҳноза Исроилова, Светлана Мурашкевич ғолибликни қўлга киритди. Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган волейбол мусобақасида Олмалиқ шаҳри жамоаси бекободлик рақибларидан устун келиб, биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақада “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш иштирокчи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
8 276