ЎзА Ўзбек

21.02.2019 Чоп этиш версияси

Соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда​

Соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда​

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги ишлар самарадорлиги, истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Ўзбекистон том мaънода спорти ривожланаётган мамлакатга айлангани, пировардида, ёшлар ўртасидa соғлом турмуш тарзи қарор топиб, спортнинг оммавийлиги тaъминлaнаётгани ва спортчиларимиз жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, мамлaкатимиз салоҳиятини дунёга намоён қилаётганини таъкидлади.

Маълумки, 2018 йилнинг 20 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда соҳада мавжуд муаммолар санаб ўтилиб, уларни ҳал қилиш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Vazir-matbuot (6).jpg

Бу вазифаларни сифатли бажариш, шунингдек, ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Тахиатош ва Қўнғирот туманлари ҳамда Нукус шаҳри мисолида намунавий модель яратилди.

2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб илк бор “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ҳафталиги”, “Нуронийлар ҳафталиги”, “Ёшлар ҳафталиги” каби шиорлар остида аҳоли кенг қатламини спортга жалб қилиш бўйича ҳафталик спорт тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилди.

Vazir-matbuot (3).jpg

Президентимиз томонидан 2018 йил 18 декабрь куни имзоланган “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида профилактика чора-тадбирларини самарали мувофиқлаштириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишни ташкил қилиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш мақсадини кўзлайди.

Мазкур қарорда давлат органлари ва ташкилотларида иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари, ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг спорт оммавий тадбирларида иштирок этиши назарда тутилади. Мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича мусобақалар ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилишини амалиётга жорий этиш белгилаб қўйилган.

Vazir-matbuot (8).jpg

Давлат органлари ва ташкилотларга технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажаришлари учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгилаш вазифаси юклатилган.

Жорий йилнинг 7 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун ушбу ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Vazir-matbuot (4).jpg

Ушбу низомга мувофиқ, рағбатлантириш танлов ўтказиш йўли билан амалга оширилиши белгиланди. Танлов ғолиблари 10 сентябргача аниқланади ва сертификат, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар, шунингдек, “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Шунингдек, 2019 йил 29 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Мазкур қарордан кўзланган асосий мақсад аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли одатлардан асраш ҳамда ҳар бир маҳалла, таълим муассасалари, меҳнат ташкилотларида жисмоний тарбия ва спорт фаолиятини самарали ташкил этишдан иборатдир.

Бу қарор юзасидан барча вазирликлар ва идоралар, ташкилотлар ҳамда мулкчилик шаклидан қатъий назар, юридик шахс кўринишидаги корхоналар ходимлари мунтазам равишда 3-5 дақиқалик ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланади.

Барча ёшдаги аҳоли ўртасида доимий равишда “Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини мусобақа тарзида ўтказиш йўлга қўйилади. Ушбу тестларнинг ғолиб ва совриндорлари I, II ва III даражали кўкрак нишонлари билан рағбатлантириб борилади. Кўкрак нишонларига мос равишда тегишли гувоҳномалар ҳам жорий этилган.

“Aлпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларини қабул қилиш ва мусобақаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, синовлар 12 ёш тоифасида, 32 турдан иборат мақшларда ўтказилади.

Vazir-matbuot (2).jpg

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан бадантарбия машғулотларини тарғиб қилишга қаратилган спорт- соғломлаштириш машқлари дастури ишлаб чиқилди.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2018-2023 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

11 та боб, 53 банддан иборат ушбу концепция республикада жисмоний тарбия ва спортни фаол ривожлантириш, аҳоли барча қатламларини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзининг фойдаси ва устунлигини кенг тарғиб қилиш, мамлакатда яратилган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт инфратузилмасидан тўлақонли ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Матбуот анжуманида жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

7 480
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА