ЎзА Ўзбек

15.03.2019 19:22 Чоп этиш версияси

“Соғлом авлод учун” кубоги ховослик ёшларга насиб этди

“Соғлом авлод учун” кубоги ховослик ёшларга насиб этди

Гулистон шаҳрида Наврўз умумхалқ байрами олдидан спортнинг бадиий гимнастика ва сузиш турлари бўйича “Соғлом авлод учун” кубоги учун спорт фестивали бўлиб ўтди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиали ташаббуси билан ўтказилган тадбирга вилоят хотин-қизлар қўмитаси, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлик қилди.

“Нафосат олами” шиори остида ўтказилган мазкур фестивалда вилоятнинг 3 шаҳар ва 8 туманидан спортнинг бадиий гимнастика ҳамда сузиш турлари билан мунтазам шуғулланиб келаётган йигит-қизлардан ташкил топган 11 жамоа баҳсларда иштирок этди.

Бадиий гимнастика тури бўйича жами 74 нафар қизлар ўзларининг маҳоратларини намойиш этган бўлса, 100 дан зиёд эркаклар сузиш баҳсларида иштирок этди.

Умум жамоа ҳисобида Ховос тумани терма жамоаси 1-ўринни эгаллади. 2- ва 3-ўринларни эса мос равишда Гулистон ва Янгиер шаҳри жамоаларига қўлга киритди.

– Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни спортга кенгроқ жалб этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда мазкур фестивалнинг ўз ўрни бор, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиали раҳбари Ю.Усмонова. – Ажабмас, шу баҳсларда иштирок этган спортчилар халқаро ареналарда юрт байроғини баланд кўтарса.

Фестиваль сўнгида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири
5 601