Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 18:13 Чоп этиш версияси

Соғлом авлод – соғлом жамият

Соғлом авлод – соғлом жамият Президентимиз раҳнамолигида спортнинг оммавийлигини ошириш, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, жумладан, олис туман ва чекка қишлоқларда ҳам шароит ва имкониятларига кўра шаҳардагидан асло қолишмайдиган замонавий болалар спорти иншоотлари барпо этилмоқда. Халқаро андозалар даражасида жиҳозланган марказ ва секциялар, спорт комплекслари фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишига доимий эътибор қаратилаётир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бадиий гимнастика юртимизда қизлар ўртасида жадал оммалашаётган спорт турларидан биридир.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 9 тури билан замонавий шароитларда шуғулланаётган 400 ўқувчининг 60 фоизи қизлардир. Бу ерда футбол стадиони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, гимнастика ва бошқа спорт заллари ўқувчилар ихтиёрида.

Мактабнинг кураш, дзюдо бўйича Муҳайё Омонова, Шоҳиста Анорова, Фарангиз Муродова, Умида Бобораҳимова, Шоҳида Муҳаммедова, Машҳура Тотлибоева, Дилшода Алиқулова, Севинч Халилова каби ўқувчилари мамлакат ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Мактаб ўқувчиси Чарос Ёқубова 12 ёшда. 2016 йили гимнастика бўйича мамлакат чемпиони бўлди. Мактабда спортнинг ушбу тури бўйича шуғулланувчи қизлар сафи кенгайиб, қўлга киритилаётган медаллар салмоғи ортиб бормоқда. Бугунгача мактаб гимнастикачи қизлари турли мусобақаларда 50 медаль олгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Жорий йилда мактабнинг 3 гимнастикачиси вилоят терма жамоасига жалб этилди.

– Бадиий гимнастикада жисмоний тарбия, мусиқа ва хореография каби қизлар тарбияси учун муҳим жиҳатлар мужассам, – дейди мураббия Шаҳноза Жамилова. – Гимнастика машқлари қизлар организмининг таянч-ҳаракат тизимини, тананинг ҳамма қисмлари пропорционал ривожланишини таъминлайди. Гимнастика билан шуғулланиш қизларни ҳам жисмонан, ҳам эстетик тарбиялашга, уларнинг мусиқа ва рақсга қизиқишини оширишга, ҳар томонлама гўзал ва дуркун улғайишига хизмат қилади. Бадиий гимнастиканинг мусиқа билан ҳамоҳанглиги эса уларнинг маънавий дунёсини бойитади.

Соғлом авлод – соғлом насл демакдир. Бугун спортга меҳр қўйган қизларнинг ҳаммаси ҳам келажакда чемпион бўлмаслиги мумкин. Аммо улар жисмоний машқларда тоблангани учун тани соғлом, руҳи тетик, фикри тиниқ, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синов ва қийинчиликларини енгиб ўтишга қодир инсонлар бўлиб вояга етади. Мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлашдан кўзланган асосий мақсад ҳам шудир.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
2 183






Все о погоде - Pogoda.uz