Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 17:23 Чоп этиш версияси

СОҲИЛ ФУТБОЛИ: Ярим финалда уч вилоят вакили

СОҲИЛ ФУТБОЛИ: Ярим финалда уч вилоят вакили

Аввал хабар берганимиздек, Қарши шаҳри “Геолог” спорт мажмуаси ҳудудидаги соҳил футболи бўйича Республикадаги ягона майдонда мамлакат чемпионати давом этмоқда.

Кеча мусобақанинг чорак финал, бугун эса ярим финал баҳсларидан кейин финал иштирокчилари номи маълум бўлди.

Бундан бир ой муқаддам ўтказилган Ўзбекистон Кубогида бош совринни қўлга киритган Бухоронинг “Когон” жамоаси бу гал чорак финалдаёқ тўхташга мажбур бўлди. Сабаби, когонликлар бу галги мусобақада асосан иккинчи, ёшлар таркиби билан қатнашди. Жамоанинг етакчилари эса футзал бўйича мамлакат чемпионатининг тур ўйинларида иштирок этиши учун соҳил футболига жалб этилмади. Когонликлар чорак финалда мусобақанинг бош совринига асосий даъвогар “Адолат” жамоасига кичик ҳисобда ютқазиб қўйди.

Ярим финал ўйинлари янада шиддатли кечди. “Адолат” ва “Олимпия” жамоалари ўртасидаги ўйинда қаршиликлар аранг ғалабани “илиб” кетишди, иккинчи учрашувда эса асосий вақтда ҳам, қўшимча дақиқаларда ҳам кучлар тенг келди, фақат пенальтилар сериясида омад самарқандликларга кулиб боқди... 

Чорак финал натижалари:

“Адолат” – “Когон-2” – 2:1
“Косон” – “Ҳуқуқ” – 1:3
“Олимпия” (Жиззах) – ИБЎСМ – 2:0
“Самарқанд” – “Олимпия” (Қарши) – 2:1

Ярим финал натижалари:

“Адолат” – “Олимпия” (Жиззах) – 4:3
“Ҳуқуқ” – “Самарқанд” - 2:2. Пен.бўй. 0:1

Энди учинчи ўрин учун “Олимпия” ва “Ҳуқуқ”, бош соврин учун эса “Адолат” ва “Самарқанд” жамоалари ўзаро куч синашишади.

О. Юнусов, ЎзА