Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 10:52 Чоп этиш версияси

СОҲИЛ ФУТБОЛИ: чорак финалчилар маълум

СОҲИЛ ФУТБОЛИ: чорак финалчилар маълум

Аввал хабар берганимиздек, Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуаси ҳудудидаги соҳил футболига мўлжалланган қумли майдонда давом этаётган Ўзбекистон чемпионатининг чорак финалчилари номи маълум бўлди.

Ўзбекистон Кубоги мусобақасида чиройли ўйин кўрсата олган, аммо совринли ўринлардан жой ола билмаган “Адолат” жамоаси гуруҳдаги сўнгги ўйинини ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказди ва “Машъал” жамоасини йирик – 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энг қизиқарли баҳс эса икки вилоят олимпия захиралари коллежи вакиллари ўртасида кузатилди. Жиззах ва Қарши олимпия захиралари коллежлари ўртасидаги ўйинда шижоатли ёшлар мураббийларга “дарс” беришди. Яъни, қаршиликлар таркибини коллежнинг мураббийлари ташкил этган бўлса, жиззахликлар асосан коллеж тарбияланувчилари билан ташриф буюрган эди. Шиддатли кечган баҳсда тажриба эмас, ёшлик шижоати устун келди – 4:1, жиззахликлар ғалаба қозонишди. Турнир олдидан кўпчилик бу гал ҳам бош совринни Ўзбекистон Кубоги соҳиби “Когон” жамоаси “илиб кетса керак”, деб ўйлашганди. Аммо когонликлар бу гал Қаршига иккинчи, асосан ёшлар таркиби билан етиб келишганди. Бу эса уларнинг гуруҳда иккинчи ўрин билан кифояланишига таъсир кўрсатди. Когонликлар энди чорак финалда бу галги ғолиблик учун асосий даъвогар “Адолат” жамоасига қарши майдонга тушишади...

Қайд этилган натижалар:

“Когон-2”-“Косон” – 0:3 
“Самарқанд”-“Оқ олтин” – 3:1
“Адолат”-“Машъал” – 4:0
“Бинокор”-“Ҳуқуқ” – 3:6
“Олимпия” (Қарши)-“Олимпия” (Жиззах) – 1:4

Шу тариқа чорак финал жуфтликлари қуйидагича кўриниш олди:

“Адолат”-“Когон-2”
“Косон”-“Ҳуқуқ”
“Олимпия” (Жиззах)-“ИБЎСМ
“Самарқанд”-“Олимпия” (Қарши).

Айни пайтда баҳслар бошланган.

О. Юнусов, ЎзА