ЎзА Ўзбек

10.07.2019 18:01 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда спорт федерациялари сони яна биттага кўпайди

Мамлакатимизда спорт федерациялари сони яна биттага кўпайди

Мамлакатимиз довруғини янада юксак поғоналарга кўтаришда спортнинг ўрни беқиёс. Мактаб дарсликлари рўйхатига шахмат дарсини киритиш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ҳаммани қувонтирди.

Ўзбекистон хоккей федерациясининг қайта ташкил этилиши, миллионлар ўйини футболнинг савиясини юқори даражага кўтариш бўйича қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонлар фарзандларимизнинг халқаро ареналарда юксак натижаларни қўлга киритишида муҳим омил бўлмоқда.

Юртимизда бир пайтлар Бильярд ўйинлари федерацияси ташкил қилинган эди. Бироқ, айрим сабабларга кўра, 2000 йилда федерация фаолияти тўхтатиб қўйилди. Маълумки, бильярд ўйинлари сирасига кирувчи СНУКЕР спорт ўйини ҳисобланиб, йирик мусобақалар, жумладан, қитъа ва жаҳон чемпионатлари ўтказилади. Бу ўйинга, айниқса, Европа (Англия, Германия), Осиё (Ҳиндистон, Хитой, Қувайт, Қатар), Болтиқбўйи (Латвия, Литва, Эстония) ҳамда МДҲ (Россия, Қозоғистон) давлатларида қизиқиш юқори.

Қолаверса, снукернинг инсон саломатлиги учун катта фойдаси бор. Мазкур ўйин назариётчиларидан бири, кўплаб мақола ва китоблар муаллифи Надежда Белянскаянинг таъкидлашича, снукер ўйини барча ёшдаги инсонлар, айниқса, кексалар учун фойдали. Иштирокчи ўйин давомида сокин ҳаракатда бўлади, мушоҳада қилади, энг асосийси, ақли чархланиб, кўз ва қўл ҳаракатини фаоллаштирар экан. Ёшларда физика, алгебра ва геометрия фанларни яхши ўзлаштиришга ёрдам беради, шахмат ўйинида юзага келувчи қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетиш йўлларини топиш учун ақлни ишлатиб, тўғри қарор қабул қилишни ўрганади.

Бу спорт тури иштирокчилари бирор нохуш вазиятда бошқаларга ўхшаб ваҳимага тушмасдан, вазиятдан чиқиб кетиш учун хотиржам қарор қабул қилар экан. Шундай ижобий томонлари бўлган снукер ўйинини мамлакатимизда йўлга қўйиш учун олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Бильярд спорти федерацияси қайта ташкил этилди ва унинг низоми Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиб, расман ўз фаолиятини бошлади.

Эндиликда федерацияга аъзо бўлган бильярд клублари учун шаҳар ва қишлоқларда махсус бинолар қурилади, снукер спорт ўйинлари бўйича инструкторлар тайёрланади, яъни, минглаб янги иш ўринлари ташкил этилади.

Махсус лицензия билан фаолият олиб борадиган снукер клублари ҳар қандай спорт туридан кўра, иқтисодий жиҳатдан фойдалироқ. Чунки снукерни исталган фаслда ҳар куни ўйнаш ва мусобақалар ташкил қилиш мумкин. Демакки, тажриба орттирган ўзбек йигитлари халқаро мусобақаларда, айниқса, жаҳон кубокларида иштирок этиб, юртимиз шаънини бу спорт тури бўйича ҳам юксакларга кўтара олади. Негаки, ёшларимизда бунинг учун кучли ғайрат-шижоат, юрт номини улуғлашга иштиёқ ва интилиш бор.

Акбарали НУРМАТОВ,
Ўзбекистон Бильярд спорти федерацияси вице-президенти.

ЎзА
3 060