ЎзА Ўзбек

06.07.2018 11:20 Чоп этиш версияси

Ўсмирлар олимпия ўйинларига 29та йўлланма – рекорд натижа бу

Ўсмирлар олимпия ўйинларига 29та йўлланма – рекорд натижа бу Шу кунгача Буэнос-Айресда ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига Ўзбекистондан борувчи йўлланмалар сони 26 тани ташкил этиб турганди. Кечадан бери яна учта йўлланма қўлга киритилди.

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтаётган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси кечадан бери учта йўлланмани ҳал этишди. Кеча икки нафар ҳамюртимиз - Регина Адашбоева (босқон улоқтириш) ва Роксана Худоёрова (учхатлаб сакраш) белгиланган меъёрларни бажариб, Буэнос-Айрес йўлланмасини қўлга киритишган эди. Бугун эса босқон улоқтириш баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Умид Ҳасанов 64.89 метр натижа кўрсатиб, Ўзбекистон спорт делегацияси сафига яна бир лицензияни қўшиб қўйди ва ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги рекордимизни янгилади.
Маълумот учун: бунгача Ўзбекистон спорт делегацияси 2010 йилги Сингапур Олимпиадасида 21 нафар, 2014 йилги Нанкиндаги ўсмирлар Олимпия ўйинларида 28 нафар спортчи билан иштирок этганди.
Бугун-эрта йўлланмалар сони янада ортиши эҳтимоли юқори. Сабаби, енгил атлетикачиларимиз мусобақадаги иштирокларини ҳали яна давом эттиришади. Қолаверса, июль ойида ҳамюртларимиз спортнинг сузиш, дзюдо ва теннис каби турлари бўйича йирик мусобақаларда қатнашишади. Ва албатта, уларда ҳам Буэнос-Айрес йўлланмасини қўлга киритиш имкониятлари бор.

Ойбек Юнусов, ЎзА
6 715