ЎзА Ўзбек

10.01.2019 16:45 Чоп этиш версияси

“Сити” бир оёғи билан финалда, унга қайси жамоа рақиб бўлади?

“Сити” бир оёғи билан финалда, унга қайси жамоа рақиб бўлади?

Кеча оқшом Англия Лигалари кубогининг ярим финал босқичидан ўрин олган иккинчи учрашув бўлиб ўтди.

Унда мусобақанинг амалдаги ғолиби “Манчестер Сити” клуби ўз майдонида 3-дивизион вакили “Бертон” жамоаси устидан йирик – 9:0 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувда майдон эгаларининг бразилиялик ҳужумчиси Габриэль Жезус рақиб дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилди ва ўзига хос натижа қайд этди.

Таъкидлаш жоиз, бунга қадар Жезус профессионал фаолияти давомида ҳеч қачон покер қайд этмаганди. Ушбу ғалаба Хосеп Гвардиола шогирдларига амалда финал йўлланмасини тақдим этди, дейиш мумкин. Негаки, жавоб ўйинида “Бертон” футболчилари “шаҳарликлар” дарвозасига жавобсиз 10та тўп киритиши ақлга сиғмайди.

24 февраль куни “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтадиган финал учрашувида “Манчестер Сити”га қайси жамоа рақиб бўлади: “Челси”ми ёки “Тоттенхэм”? Бу саволга 22-23 январда ўтказиладиган ярим финалнинг жавоб учрашувидан жавоб оламиз.

Эслатиб ўтамиз, бу жамоаларнинг “Тоттенхэм” майдонида кечган дастлабки учрашувида “шпорлар” Харри Кейннинг ягона голи эвазига ғалаба қозонишган эди.

ЎзА
1 181