Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 22:47 Чоп этиш версияси

Шоҳжаҳон Эргашев: Бундай гаплар менинг мухлисларимдан чиқмайди!

1510586078_shohjahon.jpg

Аввал енгилмас профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев 12 январь куни Нью-Йорк шаҳрида америкалик Сони Фредриксонга қарши рингга кўтарилиб, ўзининг ўн иккинчи ғалабасига эришгани ҳақида хабар берган эдик.


У ушбу муваффақиятдан сўнг, Жаҳон бокс уюшмаси (WBА)нинг рейтингида 12-поғонага кўтарилиб олди.

Бу хабардан сўнг, енгил вазн тоифасида юқорилаган Шоҳжаҳон билан ЎзА мухбири суҳбатлашди.

– Авваламбор рейтингда юқорилаганингиз билан табриклаймиз. Шоҳжаҳон бу xушхабарни эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз?

– Ассалому алайкум! Раҳмат сизларга ҳам муборак бўлсин. Бу хабардан сўнг хурсанд бўлиб, янада машғулотларга зўр бера бошладим. Сабаби, мақсадим сари доимо олға қадам ташлайман. Мен кутаётган чемпионлик камарига эга чиқишимга бир-икки қадам қолди.

– Шоҳжаҳон биламиз сиз тезкор ғалабаларга интиласиз. Ҳозирги сўзингизга қараганда чемпион бўлишга шошаётгандайсиз?

– Ҳа мен тезкор ғалабаларни хуш кўраман. Мен шошаётганим йўқ! Фақатгина нималарга қодир эканимни дунёга тезроқ билдириб, Ўзбекистонимиз шарафини янада юксалтирмоқчиман.

– Дунёда сизнинг мухлисларингиз кўп. Лекин улар орасида Шоҳжаҳон фақатгина кучсиз рақиблар танлайди ва ғалаба қозонади. Тажрибали боксчилар билан жанг қилса мағлубиятга учрайди деган гап-сўзлар учраб турмоқда. Бу ҳақдаги фикрингиз қандай?

– Бундай гаплар менинг мухлисларимдан чиқмайди! Балки, менинг ғалабали одимларимни кўра олмаётган инсонлардан чиқади. Бу гап сўзларни ўзим ҳам эшитганман. Лекин мен уларга эътибор бермайман ва уларнинг бу сафсаталарига чемпион бўлиб жавоб қайтараман. Профессионал боксда ҳеч қачон осон рақиб бўлмайди.

– Шоҳжаҳон агарда чемпионлик камари учун ўтадиган жангда ҳамюртимизга қарши тушиб қолсангиз унга қарши рингга кўтариласизми?

– Мен бу камардан воз кечиб, жангга чиқмас эдим. Биз спортчиларнинг мақсадимиз Ватанимиз довруғини дунёга танитишдир. Бир биримизга рақиб эмасмиз.

– Режаларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

– Мен яқин кунларда Америкага бораман ва навбатдаги жангимга тайёрланаман. Тўғри ҳозир менга ким рақиб бўлишини билмайман. Бироқ, доимо, янги марраларни забт этиш учун тинимсиз меҳнат қиламан.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

– Сизлардан миннатдорман. Хар бир янгилигимни биринчи бўлиб халқимизга етказасизлар. Ишларингизга ривож берсин.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
10 272