ЎзА Ўзбек

08.05.2020 Чоп этиш версияси

Шоҳруҳ Гадоев: Озарбайжонда ҳам Ўзбекистондаги каби карантин қоидалари жорий этилган

Шоҳруҳ Гадоев: Озарбайжонда ҳам Ўзбекистондаги каби карантин қоидалари жорий этилган

Футбол бўйича миллий чемпионатимизнинг ўтган мавсуми, иккинчи қисмини “Бунёдкор” клубида ўтказган Шоҳруҳ Гадоев жорий йилги мавсумдан бошлаб Озарбайжоннинг “Кешла” жамоаси таркибида майдонга тушаётгани ҳақида хабарингиз бор.

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби матбуот хизмати карантинни Озарбайжонда ўтказаётган футболчимиз қандай машғулот ўтказаётгани, у ердаги карантин қоидалари ва миллий чемпионат ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

– Аввало Ўзбекистон халқига, юртдошларимиз, футбол мухлисларига салом йўллайман. Айни кунларда дунёнинг деярли барча мамлакатларида коронавирус сабабли карантин эълон қилинган. Хусусан, Озарбайжонда ҳам. Бу ерда чемпионатнинг сўнгги учрашувини 8 март куни ўтказганмиз. Навбатдаги ўйинимиз 14 мартда бўлиб ўтиши лозим эди. Шу беллашувга тайёргарлик кўраётганимизда ҳукумат карантин эълон қилди. Мана орадан икки ой ўтдики, ҳали карантин бекор қилингани йўқ. Футболчи учун футболсиз ҳаёт қанчалик қийин ва зерикарли эканига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

Озарбайжонда ҳам карантиннинг илк кунлари қаттиқ тартибда ўтди. Белгиланган қарорга кўра, 5 май куни мамлакатда карантин якунланиши керак эди, бироқ ҳукумат муддатни 31 майга қадар чўзди. Лекин кечадан бошлаб тартиб бироз енгиллашди. Ўзбекистон билан солиштирадиган бўлсак талаблар орасида деярли фарқ йўқ. Бу ерда ҳам автомашинада юриш учун махсус рухсатнома олиш керак. Кўчага чиқиш тартибларида ҳам фарқ кўрмайсиз. Амал қилмаган жарима тўлайди.

Федерация чемпионатни муддатидан олдин тугатиш ёки давом эттириш ҳақида якуний қарорни қабул қилмади. Машғулот ўтказяпмиз, фақат майдонда эмас, балки уйда. Аниқроғи, жамоанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи ижтимоий тармоқ орқали онлайн тарзда машғулот ўтказяпти.

2 885
ЎзА