Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 13:12 Чоп этиш версияси

Шахматчиларимиз қитъада тенгсиз!

Шахматчиларимиз қитъада тенгсиз!
Пойтахтимизда шахмат бўйича 8-18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз шахмат федерацияси ва Осиё шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг йигирмага яқин давлатидан тўрт юзга яқин шахматчи ғолиблик учун баҳслашмоқда.

Мусобақанинг очилишида мамлакатимизда навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказиш, спортнинг барча турлари қатори шахматни изчил ривожлантиришга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек шахмат мактаби вакиллари нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистонда спорт ривожига катта эътибор қаратилаётганини дунё спорт жамоатчилиги кенг эътироф этмоқда, – дейди мусобақа бош ҳаками M.Гопакумар (Ҳиндистон). – Бу мамлакатингиз ёш спортчиларининг халқаро майдонлардаги юксак ғалабаларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кишидан юксак интеллектуал салоҳият талаб қиладиган мазкур спорт тури бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатлари, халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлаётган иқтидорли шахматчиларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Айниқса, Нафиса Мўминова, Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар, Нодирбек Абдусатторов ва Баҳора Абдусатторова, Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар, Нодирбек Ёқуббоев ва Нилуфар Ёқуббоева сингари бир оиладан бир нечта иқтидорли шахматчиларнинг етишиб чиқаётгани қувонарлидир.

2016 йилги спорт мавсуми шахматчиларимиз учун муваффақиятларга бой бўлди. Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ташкил этилган жамоавий Осиё чемпионати – Осиё миллатлари кубогида Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси стандарт ва рапид шахмат бўйича кумуш медалга сазовор бўлди. Ёш шахматчиларимиз Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз кўплаб йирик шахмат мусобақаларини юксак савияда ўтказиш бўйича катта тажриба тўплади. Жаҳон чемпионлари Рустам Қосимжонов ва Вишванатан Ананд (Ҳиндистон) ўртасидаги ўртоқлик учрашуви, Гран-при мусобақалари, катталар ўртасидаги Осиё чемпионати, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган жаҳон шахмат юлдузлари ўртасидаги халқаро турнир, биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган “Тошкент опен” анъанавий халқаро турнири каби мусобақалар шулар жумласидандир.

Осиё чемпионати уч йўналишда – стандарт, рапид ва блиц бўйича ўтказилмоқда. Чемпионатнинг швейцарча тизимда етти турдан иборат рапид баҳсларида мамлакатимиз спортчилари 3 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўн олти ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда иштирок этган Шамсиддин Воҳидов етти имкониятдан олти очко жамғариб, Осиё чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди. Ўн саккиз ёшгача ўғил болалар баҳсида Ортиқ Ниғматов етти партиядан олти очко тўплаб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Ўн саккиз ёшгача қизлар баҳсида Гулруҳбегим Тоҳиржонова етти партиянинг бештасида ғалаба қозониб, иккитасида дуранг натижа қайд этди ва биринчи ўринни эгаллади.

Ўз ёш тоифасида Афрўза Ҳамдамова, Шаҳромбек Каримов, Акобирхон Сайдалиев, Нилуфар Ёқуббоева кумуш медални қўлга киритди. Ҳумоюн Синдоров, Абдулбосит Шарифжонов ва Георгий Шванов бронза медаль билан тақдирланди.

Осиё чемпионати давом этмоқда.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
3 512






Все о погоде - Pogoda.uz