ЎзА Ўзбек

17.08.2018 17:18 Чоп этиш версияси

ШАХМАТ: рейтинги юқори халқаро гроссмейстерлар ўзаро дона суради​

ШАХМАТ: рейтинги юқори халқаро гроссмейстерлар ўзаро дона суради​
Шу кунларда шахмат бўйича спортчиларимиз халқаро турнирларда иштирок этиш билан банд.
Бугун Шамсиддин Воҳидов Санкт-Петербургда, мукофот жамғармаси 680 000 рублни ташкил этган нуфузли турнирда ўз қатнашувини бошлайди. 355 нафар шахматчи рўйхатдан ўтган турнирда рейтинг даражаси 2600дан юқори бўлган 25 нафар халқаро гроссмейстер ўзаро дона суради. Ҳамюртимиз Воҳидовнинг рейтинги эса айни пайтда 2002 ни ташкил этмоқда. 

Яна бир истеъдодли шахматчимиз, яқинда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда ғолиб чиққан Нодирбек Ёқуббоев эртага Монголиянинг Улан-Батор шаҳрида старт оладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўз иштирокини бошлайди.

Мусобақанинг саралаш таркибида Бангладеш, Индонезия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Непал, Ўзбекистон ва Тимор-Лешти (Австралия) давлатларидан 23 нафар шахматчи рўйхатдан ўтган. Ўсмир қизлар бўйича эса ўнта давлатдан 30 нафар қизлар қатнашадиган бўлган (қизлар ўртасида ўзбекистонлик спортчилар иштирок этмайди).

Мусобақанинг очилиш маросими эртага ўтказилади, рапид бўйича баҳслар 19 августга белгиланган, шу куни шунингдек, стандарт шахмат бўйича баҳсларнинг 1-тур ўйинлари ҳам ташкиллаштирилади. Мусобақанинг блиц ўйинлари 25 августда бўлиб ўтади ва шу куннинг ўзида ғолиб ва совриндорлар тақдирланади.
Чемпионат якунига кўра, 1 ва 3-ўринларни қўлга киритган шахматчиларга Кубок ва дипломлардан ташқари гроссмейстер талабларини бажарган сифатида ФИДЕ унвони ҳам тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3-16 ноябрь кунлари Испаниянинг Сантьяго-де-Компостела шаҳрида ўсмирлар ўртасида (8, 10, 12 ёшли ўсмир йигитлар ва ўсмир қизлар) Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади ва унда ҳам ёш шахматчиларимиз ватанимиз спорти шарафини ҳимоя қилишади.

Ойбек Юнусов, ЎзА
4 227