Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.07.2018 12:38 Чоп этиш версияси

ШАХМАТ: Иссиқкўл – шахматчиларимиз мусобақада, ҳакамларимиз эса дам олишди

ШАХМАТ: Иссиқкўл – шахматчиларимиз мусобақада, ҳакамларимиз эса дам олишди Ёзнинг жазирама саратонида дам олиш ва спорт тадбирида иштирок этиш учун салқин ва мўътадил ҳаволи манзил бўлса, қандай яхши?! Қирғизистоннинг Иссиқкўл дам олиш ҳудуди бунга айни муддао. Ҳамюртларимиз эса бундай имкониятдан унумли фойдаланишаётганлиги бор гап.

Айтайлик, яқинда Россия майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ишлаган, рекорд натижаларини янада мустаҳкамлаб қайтган ҳакамларимиз Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расулов оилалари ҳамда яқинлари билан чарчоқларини чиқаришга айнан шу манзилни маъқул топишди. 

1.jpg

Шахматчиларимиз ҳам иккиланмай, Иссиқкўлда ташкил этиладиган халқаро турнирда қатнашишга розилик беришди ва турнирдан қатор медаллар билан қайтишди.

Маматқул Хайлаев раҳбарлигидаги шахматчилар делегациямиз Д.Дербишев хотирасига бағишланган блиц-турнирда иштирок этишди.
Марказий Осиё мамлакатлари ёш шахматчилари ўртасида швейцарча тизимда ўтган ва 7 турдан иборат мусобақада Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларининг 14 ёшгача бўлган жами 31 нафар иқтидор эгалари ғолиблик учун дона суришди. Ёш шахматчилар ўртасидаги ҳар қандай турнирда Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилаётган ватандошларимиз бу мусобақада ҳам муваффақиятли юришларини давом эттиришди. Самандар Шермуҳаммедов 14 ёшли шахматчилар ўртасида 7 та имкониятдан 6 очко тўплаб, олтин медаль соҳиби бўлди. Баҳром Бахриллаев 10 ёшлилар ўртасида 24 нафар иштирокчи орасида 6 очко билан кумуш, Жонибек Бахтиёров эса 14 ёшлилар орасида 5 очко билан бронза медалига сазовор бўлди.

Кеча турнир иштирокчилари дам олишди, Иссиқкўлни саёҳат қилишди ва стандарт баҳсларининг финал босқичига тайёргарлик кўришди. Бугун ушбу тур бўйича баҳслар давом этади.
Стандарт шахматнинг жамоавий баҳсларида ҳамюртларимиз 6-турдан сўнг 27 очко билан пешқадамлик қилишяпти. Иккинчи ўринда бораётган Қозоғистон терма жамоасида 24 очко бўлса, қирғизистонлик шахматчилар 22 очко билан учинчи ўринни банд қилиб туришибди.

Ойбек Юнусов, ЎзА
2 670