ЎзА Ўзбек

27.07.2018 19:44 Чоп этиш версияси

ШАХМАТ: Энг кучлиларимиз “Осиё Миллатлар Кубоги-2018”да

ШАХМАТ: Энг кучлиларимиз “Осиё Миллатлар Кубоги-2018”да
Айни пайтда Эрон давлатининг Ҳамадан шаҳрида шахмат бўйича “Осиё Миллатлар Кубоги-2018” халқаро турнири давом этмоқда. Сайдали Йўлдошев ва Ирина Геворгян сардорлигидаги эркаклар ва аёллар терма жамоаларимиз мазкур мусобақада фақат ғолиблик учун дона суришяпти. Терма жамоамиз таркибини эса юртимизнинг шахмат бўйича энг кучли вакиллари ташкил этган. Булар, Эркаклар – Сайдали Йўлдошев, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Никита Хорошев, Абдималик Абдисаломов. Аёллар – Ирина Геворгян, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Сарвиноз Қурбонбоева, Нодира Нодиржонова ва Севара Боймуродова.

Мусобақа стандарт, рапид ва блиц форматларида олиб борилади. Терма жамоамиз Эрон сафари олдидан Ўзбекистон шахмат федерациясида ташкилд этилган ўқув-машғулот йиғинида россиялик гроссмейстер Дмитрий Кокарев ҳамроҳлигида кучайтирилган тайёргарлик ишларини олиб боришди. 

Мусобақанинг эркаклар баҳсида 14та жамоа рўйхатдан ўтди – Ҳиндистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Вьетнам, Бангладеш, Ироқ, Сурия, Ливан, Уммон, Афғонистон ва Эроннинг учта жамоаси. 
Жамоалар таркибида қитъанинг энг етакчилари, жумладан, 30 нафар гроссмейстер, 12 нафар халқаро ва ФИДЕ усталари жой олишган.

Аёллар бўйича эса 8 та жамоа иштирок этмоқда – Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Вьетнам, Сурия ва Эроннинг иккита жамоаси.

Эслатиб ўтиш жоизки, аёллар терма жамоамиз ушбу турнирнинг 2016 йилги мавсумида (28 март – 7 апрель, Абу-Даби, БАА) стандарт шахмат бўйича кумуш медални қўлга киритишган. 

Эрон давлати мазкур мусобақага учинчи бор мезбонлик қилмоқда. Турнир 2006 йили Исфахонда, 2014 йили Табризда ўтказилган.

ЎзА
3 735