ЎзА Ўзбек

12.05.2020 Чоп этиш версияси

Шахмат: ҳаваскорлар ўртасида биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки ғолиби аниқланди

Шахмат: ҳаваскорлар ўртасида биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки ғолиби аниқланди

Карантин даврида аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, юртдошларимиз орасида шахматни янада ривожлантириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган ҳаваскорлар ўртасида биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионатига ҳам старт берилди.

“Уйда қол ва ғалаба қозон” челленжи остида ўтказилаётган мусобақада иштирок этиш учун шу кунгача икки мингдан ортиқ ҳаваскор шахматчи рўйхатдан ўтишганди. Кеча бошланган дастлабки кунги мусобақада уларнинг катта қисми ғолиблик учун дона суришди, аммо баъзилар турнир бошланганини унутиб қўйишдими бошқа сабаб биланми баҳсларда иштирок этишмади.

11 май кунги турнирда ғолиблик самарқандлик Жамшид Тоҳирович Мустафоевга насиб этди. 1991 йилда туғилган ушбу ҳаваскор шахматчи энг яхши натижа билан биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки чемпионига айланди. У 3 миллион сўм ҳамда шахмат бўйича ҳаваскорлар ўртасида биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионати ғолиби дипломи билан тақдирланади.

Азиз юртдошлар, шахмат бўйича ҳаваскорлар ўртасида биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионати 20 майга қадар давом этади. Агарда сиз дастлабки турнирларда рўйхатдан ўтиб, мусобақада иштирок этолмаган бўлсангиз, сира ҳам афсусланманг. 20 майга қадар рўйхатдан ўтишингиз ва дарҳол мусобақада иштирок этишни бошлашингиз мумкин. Демак, ҳали ҳам кеч эмас ва мусобақада иштирок этишга шошилинг!

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

3 140
ЎзА