ЎзА Ўзбек

06.08.2018 12:29 Чоп этиш версияси

Сергей Фомин халқаро турнир ғолиби

Сергей Фомин халқаро турнир ғолиби Пойтахтимизда Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан ўсмирлар ўртасида "NBU CUP" турнири ўтказилди.

Дунёнинг ўндан зиёд мамлакатидан келган 150 нафарга яқин теннисчи ғолиблик учун ўзаро куч синашган мазкур мусобақада ҳамюртимиз Сергей Фомин яккалик ва жуфтлик баҳсларида бош совринни қўлга киритди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини, жумладан, теннисни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ўтказилаётган нуфузли халқаро турнирлар эса навқирон авлодда мазкур спорт турига қизиқиш уйғотиб, истеъдодли теннисчилар камол топишида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

5.jpg

Мисол тариқасида биргина Сергей Фоминнинг қўлга киритаётган ғалабаларини кўрсатиш мумкин. У жорий йилги спорт мавсумида "Катта дубулға" мусобақаларида ва бир қатор халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек ўғлонлари ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини яна бир бор намоён этди.

Тошкентда ўтган "NBU CUP" турнирида Сергей руминиялик Александр Жимани, россиялик Денис Орешинни, ёш теннисчимиз Бекзод Расаматовни, туркиялик Эмир Сендоганни мағлубиятга учратиб финал йўлланмасини қўлга киритди.

Яккалик баҳсларининг ҳал қилувчи финал учрашувида С.Фомин яна бир руминиялик теннисчи Себастиан Жимани 6:3, 6:2 ҳисобида енгди.

Шунингдек, у умидли теннисчимиз Тимур Соттимов билан биргаликда жуфтлик баҳсларининг финал баҳсида С.Жима ва канадалик Жошуа Лападатни 6:4, 6:4 ҳисобида таслим этиб, мусобақа ғолибига айланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
5 292