ЎзА Ўзбек

10.02.2019 Чоп этиш версияси

“Семурғ” хоккейчиларидан навбатдаги ғалаба

“Семурғ” хоккейчиларидан навбатдаги ғалаба

Хабарингиз бор, 8 февраль куни пойтахтимиздаги “Ice City” мажмуасида хоккей бўйича тарихий Ўзбекистон чемпионати баҳсларига старт берилганди.

Мамлакатимиз тарихида илк бора ташкил этилаётган мусобақаларда пойтахтимизнинг “Бинокор”, “Хумо”, “Семурғ” ҳамда “Тошкент Сити” жамоалари иштирок этишяпти. 1-тур ўйинларида “Тошкент” жамоаси “Бинокор” устидан йирик – 5:1 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, “Хумо” ва “Семурғ” жамоалари баҳсида 4:5 ҳисоби қайд этилганди.

Бугун жамоалар 2-тур ўйинларини ўтказишмоқда. Бироз аввал якунланган “Бинокор” ва “Семурғ” жамоалари тўқнашуви кескин ва муросасиз курашлар остида ўтиб, голларга бой бўлди. Учрашувда дарвозалар жами 11 маротаба ишғол этилди.

Мазкур ўйинда хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионатидаги дастлабки хет-трик ҳам кузатилди. “Бинокор”чи Алишер Раҳмонов рақиб дарвозасига учта шайба йўллашга муваффақ бўлди. Бироқ, Раҳмоновнинг жасорати ҳам “Бинокор”ни мамлакат чемпионатидаги кетма-кет иккинчи мағлубиятдан қутқариб қололмади. Якуний ҳисоб – 6:5, “Семурғ” фойдасига.

Айни дақиқаларда майдонда “Хумо” ва “Тошкент” жамоалари ўзаро куч синашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, биринчи Ўзбекистон чемпионати ўйинлари қарийб икки ой давом этади. Мунтазам чемпионат баҳслари 17 мартда якунланади. 20 мартдан эса икки раунддан иборат плей-офф баҳсларига старт берилади. Бу босқичда ўйинлар учта ғалабагача давом этади.

8 048
Отабек Эшмаматов, ЎзА