ЎзА Ўзбек

07.09.2019 Чоп этиш версияси

Саъй ҳаракатларимиз – Ўзбекистон ғалабаси учун!

Саъй ҳаракатларимиз – Ўзбекистон ғалабаси учун!

Спорт. Ҳамманинг қулоғига ёқадиган сўз. Бу сўз жаранглаганда, ҳар бир оиладан ҳеч бўлмаганда икки кишининг таъбир жоиз бўлса, қулоғи тикраяди. Унинг натижалари, мамлакатимиз спортчилари эришган ютуқлар ҳақидаги ахборотлар ҳаммамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бугунги кунда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзи юритишга жалб этиш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида ҳаётимизга кириб келмоқда. Айниқса, болалар спортини ривожлантириш куннинг долзарб вазифасига айланган. “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида 16 ёшга тўлмаган болалар, шунингдек, ногирон ва етим болаларга спорт ҳамда соғломлаштириш хизматлари бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Ушбу қонун талаби мамлакатимизнинг барча минтақаларида бир хилда ижро этилмоқда.

Бинобарин, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш долзарб вазифаларга айланган. Пировардида, турли касалликлар, болалар ўртасида зарарли одатларнинг олди олинмоқда. Энг муҳими, ёшларда юксак маданият, ватанпарварлик туйғулари шаклланмоқда. Бу соҳада эришилаётган ютуқлар халқимизни тўлқинлантириб, барчамизга ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида спортчиларимиз Осиё ўйинларида 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, жами 70 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаганлиги, жорий йилнинг ўтган даврида ҳам халқаро спорт мусобақаларида 145 та олтин, 134 та кумуш ва 163 та бронза, жами 442 та медаль қўлга киритилганлиги албатта, қувонарли натижалардан бўлиб, спорт давлат сиёсати даражасида эканлигидан нишона. Президентимизнинг юртимиз спортини турли йўналишлар бўйича ривожлантиришга оид қатор фармон ва қарорлари айнан ана шундай ва бундан ҳам юқори натижаларни кўзлаб қўйилган тамал тошидир.

Хусусан, “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори спортни ривожлантиришда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, соҳани бошқаришни такомиллаштириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилганлиги, 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси тасдиқланганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларини ўтказиш тизими жорий этилди. Аҳамияти кун сайин ортиб бораётган Беш муҳим ташаббус ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар спортга фаол жалб этилмоқда. Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби бўлган 204 нафар спортчи туман ва шаҳарларга бириктирилди, айримларининг спорт мактаблари очилди.

Бугун биз бу ишлар ёки рақамлар билан чекланиб, бу ишларга маҳлиё бўлиб ўтиришимиз керак эмас. Президентимиз ҳам буни алоҳида таъкидлаб келмоқда. Жорий йил 4 сентябрь куни бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари бу борада олиб борилаётган ишлар етарли эмаслигини таъкидлаб, спортга бўлган эътиборни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда 2020 йилда

Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик аҳволи қониқарли эмаслиги, қатор спорт федерациялари ва ҳокимликлар юқори натижаларни таъминлайдиган спортчиларга шароит яратишга етарлича эътибор берилмаётганлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига саралаб олинган спортчиларнинг яқин ойларда ўтказиладиган халқаро мусобақаларда юқори ўрин эгаллаб, Олимпиадага лицензияни қўлга киритишлари учун янада кенг шарт-шароит яратиш бўйича берган кўрсатмалари ҳам бу соҳани доимий ривожлантириб бориш борасида бир зум ҳам чалғимаслигимиз зарурлигидан, бу соҳада ҳали қиладиган ишларимиз кўплигидан дарак беради.

Видеоселектор кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Президентимизнинг аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш масалаларига тизимли равишда эътибор қаратиб келаётганлиги кишини хурсанд қилади, албатта. Чунки, ёшлар бизнинг келажагимиз ва уларнинг ҳар томонлама етук шахс бўлиб етишишларида спортнинг ўрни беқиёсдир. Айниқса, чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларидаги шароитларга жудаям кучли эътибор қаратиш лозим. Мактаблардаги спорт залларининг ҳолати, жисмоний тарбия ўқитувчиларининг касбий маҳорати ва билимларини ошириш долзарб масалалардан биридир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз фаолиятида ёш авлодни спортга кенг жалб қилиш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг март, апрель ва май ойларида партия томонидан бутун мамлакат бўйлаб белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубоги мусобақаси ташкил этилди. Ушбу мусобақада мамлакатимизнинг мингдан ортиқ шу спорт тури билан шуғулланувчи ёшлари қамраб олинди. Гарчи, бу ишлар денгиздан томчи бўлсада, “Адолат” партияси ҳам мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва уни кенг ёйишда, аҳоли саломатлиги, айниқса ёш авлоднинг баркамол авлод бўлиб вояга етишида ўз ҳиссасини қўшади.

Агар биз биргаликда мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватласак, Президентимиз фармон ва қарорлари ижросини таъминласак, спортчиларда ватанпарварлик ва муваффақиятлар билан ғурурланиш ҳиссини кучайтирсак, уларни руҳлантириш чораларини кўрсак, ўйлаймизки, марра бизники.

Хуллас, юртимизнинг бугунги ёшларига ҳавас қилса арзийди. Истиқлол шарофати билан буюк аждодларимизга муносиб авлод шаклланмоқда. “Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти”, деганларидай, янгича шароит, озод ва эркин ҳаёт, ёшларга оид давлат сиёсати, спортни ривожлантиришга бўлган Президентнинг узлуксиз эътибори ўзининг улкан самараларини бермоқда.

Албатта, ҳар бир спортчимизнинг ғалабаси – юртимиз ғалабаси, Ўзбекистон ғалабасидир!” Зеро, бизнинг фарзандларимиз ўз ғурурини, ўз халқини, ўз Ватанини шарафлайдиган жасур ўғил-қизлардир. Ҳамиша ва ҳар қачон ғалаба шавқи билан яшаётган ёш Ватандошларимизга келгуси мусобақа ва XXXII Токио ёзги олимпиадасида улкан зафарлар тилаймиз.

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий

кенгаши раиси ўринбосари.

3 963
ЎзА