ЎзА Ўзбек

29.07.2019 Чоп этиш версияси

Сардор Рашидов Қатарга қайтди, энди у “Қатар СК”да тўп тепади

Сардор Рашидов Қатарга қайтди, энди у “Қатар СК”да тўп тепади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сардор Рашидов яна Қатар чемпионатига қайтди. Тажрибали футболчи Қатарнинг “Қатар СК” клуби билан шартнома имзолади.

Рашидовнинг сўнгги жамоаси Португалиянинг “Насьонал” клуби бўлганди. Бироқ, клуб ўтган мавсум якунларига кўра Португалия қуйи дивизионига тушиб кетди. Натижада Сардор жамоани тарк этишга қарор қилди.

Рашидов учун Қатар чемпионати бегона мамлакат эмас. У ўз вақтида Қатарнинг “Ал Жайиш” клуби сафида Юлдузлар лигасида ажойиб мавсум ўтказганди. Аммо, ўша мавсум якунида “Ал Жайиш” клуби “Ал-Гарафа” билан қўшилиб кетди. Рашидов эса фаолиятини бошқа клубда давом эттиришга қарор қилди. Афсуски футболчининг кейинги ишлари унча юришмади ва у Ўзбекистонга қайтиб Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

Жорий йилнинг январь ойида Рашидов “Насьонал” клуби билан шартнома имзолаган ва Осиё кубогидан кейин Европага йўл олганди. Аммо, Рашидовнинг Европада ҳам ишлари юришиб кетмади. Умид қиламизки Қатарда футболчи яна ўзининг ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонади ва миллий терма жамоамизга қайтади.

Таъкидлаш жоиз, Қатар Юлдузлар лигасида янги мавсум ўйинларига 21 август куни старт берилади. Рашидовнинг янги жамоаси “Қатар СК” эса 1-турни ўз уйида мамлакатнинг етакчи клуби “Ал Дуҳаил”га қарши ўтказади.

3 641
ЎзА