ЎзА Ўзбек

18.07.2018 14:20 Чоп этиш версияси

Сарбонсиз карвон

Сарбонсиз карвон
Қадимда Буюк ипак йўлидан ўтган карвонлар Шарқ халқларини маданий, маърифий, иқтисодий-сиёсий жиҳатдан бир-бири билан боғлаган. Бунда эса ўша карвонларни назорат қилувчи, уларга тўғри йўл кўрсатиб, хавф-хатарсиз манзилига етиб олишларида катта ҳисса қўшган сарбонларнинг ўрни беқиёс бўлган. Бугунги мавзумиз ўтмиш, карвон ва сарбонлар ҳақида эмас. Умуман бошқа мавзуда...

Бизни бир ой мобайнида ҳаяжонга солган мундиал якунланди. Дарёлар ўзанига қайтди. Ҳиссиётлар, чемпионат тафсилотларини муҳокама қилиш, Мессининг омадсизликка учрагани-ю, русларнинг "мўъжиза"си ҳақида суҳбатлашиш интиҳо топди. Хайрият! Ўзимизга қайтдик. Қарангки, жаҳон чемпионати бизни шунчалик сеҳрлаб олибдики, қўшнимизнинг ҳовлисидаги кичик шодиёнани биламиз-ку, аммо ўзимизнинг уйимиздан кўтарилаётган дўмбира садоларини эшитмаймиз.

1486095979_370690.jpg

Бир пасда 2018 йилнинг ярми ҳам ўтиб кетибди. Бизни, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси олдинда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган “Осиё кубоги – 2019” мусобақаси кутиб турибди. Ундан сўнг эса Қатар яшил майдонлари мезбонлик қиладиган навбатдаги мундиалнинг саралаш босқичлари... Биз бўлсак, ҳамон “шоҳида эмас, баргида юрибмиз”. Жамоа тузишни қойиллатганимиз йўқ. Тўғри, Уругвай, Марокаш, Сенегал, Эрон каби мамлакатларнинг кучли терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказдик. Бу ўйинлар маҳоратимизни, тажрибамизни оширгани рост. Бундан ташқари, миллий терма жамоани ёшартириш йўлида ишлар олиб боряпмиз. Келажакни ўйлаб амалга ошираётган ишларимиз яхши, бироқ ўша келажак жамоасига мос мураббийни олиб келмасак, вақтинчалик мураббийларни тинимсиз ўзгартираверсак, бундан бирор наф чиқармикан?!

Терма жамоа расмий ўйинларда иштирок этмаганига бир йилдан ошди. Катта эҳтимол билан таркибимиз хорижда тўп сураётган легионерларимиз ва ўртоқлик ўйинларида ўзини кўрсатган ёш футболчиларимиз билан биргаликда шакллантирилади. Аммо буни ҳам эплай олмаяпмиз. Йиғинга бошқа ўйинчиларни олиб бориб, расмий ўйинларга бошқаларини тушириш бизда “анъана“га айланган-ку! Агар шу йўлдан борсак, 2017 йилги конфедерацияда зафар қучган таркибни Россияга олиб келмаган Германия термасининг “натижа“сини такрорлашимиз тайин.

large-2.jpg

Миллий Олимпия Қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджоновнинг терма жамоага хорижлик мураббий олиб келиш борасидаги фикрлари ҳали амалга ошмади. “Мундиалда ишлайдиган мутахассис келади, ҳозир мавжуд ички имкониятлардан фойдаланамиз” деб ўзимизни овутдик. Бир неча бор чет эллик мураббийни юртимизга олиб келиш борасида хорижда музокаралар ўтказилди. Бироқ натижа кутганимиздек эмас. Ижобий самара йўқ! Жаҳон чемпионати тугаганига ҳам бир неча кун бўлди. Ўйлаймизки, биз кўзлаган мутахассислар гуруҳ баҳсларидан сўнг мусобақани тарк этган. Ҳар ҳолда у Бельгия билан бронза медалларига эга чиққан Роберто Мартинес ёки жамоасини финал сари етаклаган Златко Далич бўлмаса керак?

w1-andrew-a-20150402-870x605.jpg

Хўш, шунча вақт ўтди. Ниманидир ўзгартириш, ислоҳ қилинаётган терма жамоамизга "янги қон" олиб кирадиган мураббийни олиб келиш вақти бўлмадими? Аслида муддати ўтиб кетди. Осиё кубогига олти ой ҳам қолмаганини инобатга олсак, ярим йилда терма жамоани шакллантириш қийин кечади. Айниқса, бегона муҳитга келадиган мураббийга бу янада қийин бўлиши турган гап.

Энг тўғри йўл назаримда Осиё кубогини қурбон қилиш, жаҳон чемпионати учун тайёргарлик кўриш. Икки қайиқни баробар ушлаган чўкиб кетиши турган гап. Ваҳоланки, янги раҳбариятнинг “Осиё кубогидаги зафар бизнинг тобора пасайиб бораётган футболимизни кўтаради” деган фикрлари қумга синган сувдек йўқ бўлиб кетмоқда. Биз эса ҳамон содда халқимизни қуруқ ваъдалар билан ишонтириб юрибмиз. Лекин қачонгача?

Uzb-China-Maydon-21-750x350.jpg

Ўзбек футболида нимадир ўзгардими? Йўқ! Ҳозирча ҳеч нима! Ваъдалар берилиб, унутилиб кетмаса бўлди. Ахир, Осиё кубогига қадар ярим йилдан озроқ вақт қолди. Биз эса ҳар доимгидек, манзилга олиб борувчи сарбонсиз йўлга чиққан карвонга ўхшаймиз. Ҳозир ҳам бепоён саҳрога яна сарбонсиз отланяпмиз.

Шерзод Маҳмудов, ЎзА
7 690