ЎзА Ўзбек

11.02.2019 18:44 Чоп этиш версияси

Саралаш ўйинларига кам вақт қоляпти, йиғинлар сони эса ортмоқда

Саралаш ўйинларига кам вақт қоляпти, йиғинлар сони эса ортмоқда

Йиғинлар сони ортгани яхши, лекин шу йиғинлар хорижда ташкил этилиб, муносиб рақиблар билан куч синашилса, янада фойдалироқ бўлар эди.

Аёллар футболи бўйича 19 ёшлилар (U-19) мамлакат терма жамоасининг ўқув-машғулотлар йиғини кетма-кет ташкил этилаётганлиги қувонарли. Мақсад, шу йилнинг апрель ойида ўтадиган Осиё чемпионати саралашининг иккинчи босқичида муваффақиятли қатнашиш ва финал босқичига йўлланма олиш эканлиги сир эмас. Ўтган йилнинг октябрь ойида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саралаш босқичида 1-ўрин қўлга киритилганидан буён термамиз яна иккита йиғин ўтказди. Аввалига Наманганда, кейин Тошкентда, мана энди футболчи қизларимиз яна Наманганда жам бўлишди.

Карима Йўлдошева устозлигидаги ёшлар терма жамоамиз кечадан эътиборан яна машғулотларга зўр беришмоқда. Йиғин давомида асосий эътибор футболчи қизларнинг жисмоний тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш, техник-тактик томонларни мукаммаллаштиришга қаратилади. Футболчилар шаҳардаги “Динамо” спорт мажмуасидаги машғулотлардан ташқари, тренажёр залида ҳам машқлар олиб боришади. Шунингдек, йиғин давомида назорат учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Терма жамоа бош мураббийи мазкур йиғинга ўсмирлар терма жамоасининг энг моҳир аъзоларини ҳам чақирган. Ўзбекистон U-16 терма жамоаси аъзолари Марина Косникова, Ойсара Суюнова, Дурдона Алиева ва Ангелина Полюшкевични таклиф этишдан кўзланган мақсад келажакда Ўзбекистон U-19 терма жамоаси асосини ташкил қиладиган ёш футболчи қизларни ҳозирдан тайёрлаб боришдан иборат.

Юқорида йиғинларни хорижда ташкил этиш кони фойда эканлигига урғу берган эдик. Бунинг жавоби ҳам ижобий – термамизнинг навбатдаги манзили Туркия ёки Россия каби давлатлар бўлиши учун амалий ишларга киришилган.

19 февралга қадар Наманганда ўтадиган ўқув-машғулот йиғинига таклиф этилган футболчилар:

Дарвозабонлар - Зарина Саидова (“Бунёдкор”), Севара Нуруллаева, Ангелина Полюшкевич (иккаласи ҳам “Севинч”дан), Нигора Ўзганова (“Металлург”)

Ҳимоячилар - Лайло Шодиева, Маржона Тўраева, Амина Шодиева, Дурдона Алиева (барчаси “Севинч“дан), Динара Худойназарова (“Локомотив”), Марина Косникова (“Бунёдкор”), Диёра Эркинова (“Металлург”), Ҳусния Ганчева (“Шўртан”)

Ярим ҳимоячилар - Маҳлиё Назарқулова, Мухлиса Мардиева (“Локомотив”), Мадина Ҳикматова (“Пахтакор”), Сўғдиёна Алламуродова, Лайло Тошева (иккаласи ҳам “Севинч”дан), Рухсора Охунова (“Навбаҳор”), Шаҳризода Зайнитдинова, Гулзода Саидова (иккаласи ҳам “Металлург”дан), Альбина Бобоқулова (“Шўртан”)

Ҳужумчилар - Тожинисо Рашидова (“Бунёдкор”), Ойсара Суюнова (“Локомотив”), Ситора Токабаева (“Сўғдиёна”).

Ойбек Юнусов, ЎзА
3 055