ЎзА Ўзбек

20.12.2019 Чоп этиш версияси

Сарҳисоб

Сарҳисоб
Рақамларнинг “тили“ бор 

Яна бир неча кундан сўнг 2019 йилни тарих саҳифасига муҳрлаймиз. Ўтаётган йил мамлакатимиз спорти ҳаётида жуда катта воқеаларга, ўзига хос рекордлар, янги-янги ташаббусларга бой бўлди.
photo5467485448344546254.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ва унинг доирасида амалга оширилган ишлар, ўтказилган оммавий мусобақалар, бир қатор спорт турлари бўйича хорижий мураббий ва мутахассисларнинг жалб қилиниши, халқаро турнирларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида юртимиз спортчиларининг эришган натижалари Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги жисмоний тарбия ва спорт харитасини белгилаб берди.

Ортда қолаётган йилда ўзбек боксчиларининг эришган натижалари барчасидан ўзгача, шарафли кўриниш олгани шубҳасиз. Айниқса, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида эришилган оламшумул натижа (3 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза) чет эл спорт жамоатчилиги, экспертлари томонидан юқори баҳоланди. Америка, Европа ва Осиёнинг етакчи спорт, бокс нашрлари, интернет тармоқлари ҳали-ҳануз Ўзбекистоннинг боксдаги эришган ютуқларини турли талқинларда таҳлил этишмоқда. 

Россиянинг AllFight.Ru сайти иқтибос келтирамиз: “2019 йил ўзбек боксчиларининг эришган натижаси жуда юқори бўлди. Бу ёшларга катта эътибор, яратилаётган шарт-шароит, энг асосийси, ишнинг профессионал ташкил этилганлиги самарасидир. Энди ўзбек боксчилари халқаро рингларда нафақат битта рақиб билан, балки жаҳон бокс жамоасига қарши етакчиликни ушлаб туриш учун курашади. Бошқа жиҳатдан улар (Ўзбекистон) халқаро майдонда ўз сўзи борлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди”. 

Қозоғистонлик таниқли спорт журналисти Ербол Каиров “Нима учун Ўзбекистон Қозоғистонни ортда қолдирди”, деган мақоласида Екатеринбургда ўтган жаҳон чемпионати хусусида сўз юритиб, ҳар икки қўшни мамлакат спортчилари, мутахассислари, яратилаётган шарт-шароитлар, боксчиларнинг техник-тактик тайёргарлиги ва бошқа хусусиятларни атрофлича таҳлил қилади. Ўзбекистон спортчиларида ватанпарварлик тамойиллари кучли ва бу туйғуларни шакллантиришда тизимли, аниқ дастурлар асосида иш олиб борилаётганлигини эътироф этади.

Шунингдек, АҚШнинг интернет нашри FIGHT newesнинг эълон қилган материалида келтирилишича, Ўзбекистон ҳаваскорлар боксида жаҳоннинг етакчи давлатига айланган. Океанорти ҳамкасбларимиз эълон қилган рейтингда Ўзбекистон биринчи ўринда келтирилган бўлса, биздан кейинги поғона – Қозоғистон. Куба, Россия, Озарбайжон, Франция терма жамоалари жой олган. Шу ўринда таъкидлаш лозим, ушбу рейтинг жаҳон чемпионатидан бир мунча олдинроқ эълон қилинганлигини ҳамда Марат Қурбонов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоасининг Екатеринбургда қўлга киритган медалларини қўшиб ҳисобласак, вакилларимизнинг жаҳон рейтингидаги ўрни бунданда мустаҳкам бўлганлиги ойдинлашади.

Бундай эътироф, таҳлилларни кўплаб келтириш мумкин. Аслида интернет тармоқларида, нашрларда ўзбек боксчилари, унинг навқирон вакиллари Баҳодир Жалолов, Миразизбек Мирзахалилов, Шаҳобиддин Зоиров, Бобоусмон Ботировлар ҳақидаги фикрларни кунора учратиб турганимизгами одатий ҳол сифатида кўникиб ҳам қолдик.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Кўксаройда боксчилар билан учрашганларида 1999 йили АҚШнинг Хьюстон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби Ўткирбек Ҳайдаровнинг “Олимпиада ўйинларида бўлак спортчиларга ҳам омад тилайман”, деган сўзларидан сўнг, “Бўлак деганини андижонча тушуниш керак, бўлак дегани бошқа федерациялар ҳам уйғон дегани. Спорт бу жуда катта куч-қудрат, намуна. Биз илмга, спортнинг ҳар бир турига чанқоқ ёшларни ўз вақтида бағримизга олсак, бу ютуғимиз бўлади. Сизлар ҳам шунга интилинглар, билганингизни ёшларга ўргатинглар”, дея таъкидлагандилар.

Ҳақиқатан, мамлакатимиз чарм қўлқоп усталарининг муваффақиятларида Ўзбекистон бокс федерациясида фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг, мураббий-мутахассисларнинг катта хизмати бор. Зотан, ғалабаларнинг бош омили жипсликда, жамоанинг ҳамжиҳатлигида, мураббий ва мутахассисларнинг якдиллигида. Шу маънода Ўзбекистон бокс федерациясининг иш тажрибасини бошқа спорт ташкилотлари ўрганса, ибрат олса арзигулик жиҳатлар талайги
на.
photo5470052266829524283.jpg

Иқтисодчилар рақамларнинг тили бор, деб бот-бот такрорлашни хўш кўришади. Шу маънода рақамларга мурожаат этсак. 2019 йилнинг 2 февралида Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилиб, унда Сакен Полатов Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди. Тақвим режага асосан вазифалар белгиланди. Мураббий ва мутахассисларнинг, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши, юртимизда ўтказилиши лозим бўлган мусобақалар, семинарлар дастурлари ишлаб чиқилди.

Юртимиз боксчилари учун 13-20 февраль кунлари Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган “Странджа” халқаро турнири йилнинг илк халқаро мусобақаси бўлди. Унда вакилларимиз 42 та давлат чарм қўлқоп усталари орасида 2 тадан олтин ва кумуш, 1 та бронза медалларига сазовор бўлиб, умумжамоада 3-ўринни эгаллади. Шундан сўнг, Қирғизистон, Исроил, Қозоғистон, Россия, Озарбайжон, Мўғулистон, Таиланд, БАА, Хитой, Беларусь, АҚШ, Франция каби қатор давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро мусобақаларда вакилларимизнинг юрт ори учун шиддатли жанглари бошланди. Эътиборлиси, йил мобайнида хорижий мамлакатларда ўтган бирон бир турнирдан спортчиларимиз медалсиз қайтишмади. Бу бугунгача қўлга киритилган медалларнинг сони ва сифатида ҳам акс этган. Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2019 йил давомида 75 та олтин, 37 та кумуш ва 76 та бронзага эга бўлган.

Айтишга осон. Аммо, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Бутунжаҳон армия ўйинлари, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон биринчиликлари ва бошқа халқаро турнирлар нуфузи ва бу мусобақаларда ҳар бир медалнинг заҳмати не чоғли машаққатли эканлиги тасаввур этилса, Ўзбекистон боксчилари эътироф жиҳатдан ҳам, рейтинг бўйича ҳам ва жаҳон чемпионатларидаги натижалар кўринишида ҳам дунёнинг етакчи жамоасига ўз-ўзидан эришмаганлиги ойдинлашади. Албатта, бу давлат даражасидаги эътиборнинг, ғамхўрликнинг, қолаверса, бокс соҳасидаги мураббий-мутахассисларнинг фидойилиги, спортчиларимизнинг жонфидолиги маҳсулидир.

– Қайсики соҳада ҳамжиҳат, ҳамфикр ва фидойи инсонлар меҳнат қилса ишда барака бўлади. Мамлакатимиз боксчилари эришаётган ютуқларнинг туб негизида айни ҳолат мужассам. Шу маънода уларни фидойи юрт фарзандлари, 2019 йилнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, дейиш мумкин. Ўзбекистон бокси 2019 йил рейтингида жаҳоннинг етакчи давлати, дея эътироф этилиши Сакен Полатов, Мурод Мамадалиев, Сардор Тошхўжаев, Малик Бобоев, Марат Қурбонов, Шоҳид Тиллабоев, Тўлқин Қиличев, Раҳматилла Рўзиохунов каби мураббий ва мутахассислар раҳбарлигидаги жамоанинг тинимсиз меҳнатлари ва изланишларининг самараси. Аслида бу ғалаба ва муваффақиятлар барчамизники, бутун Ўзбекистонникидир, – дейди бокс бўйича Сидней олимпиадаси ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев.

Ҳақиқатан шундай. Журналист сифатида халқаро мусобақалардан келаётган спортчиларни кутиб олиш, кузатиш маросимларида қатнашамиз, мамлакатимизда ўтказилаётган турнир ва чемпионатларда иштирок этамиз. Ҳамма билади, тўрт кишининг бошини қовуштириб бир маросим ўтказиш қанчалик машаққат. Кутилган, кутилмаган вазиятлар рўй беради. Кўп ҳолатларга дуч келамиз. Очиғи, мамлакатимизда спорт турлари бўйича бўладиган чемпионат ва турнирлар орасида бокс мусобақалари ўтказилиш жиҳатдан ҳам, тайёргарлик борасида ҳам, фахрий спортчиларга, бокс ишқибозларига муносабатда ҳам халқимизга хос бўлган меҳмоновозлик, такаллуф, эътибор кишига ўзгача кайфият бағишлайди. Бу жиҳатдан Ўзбекистон бокс федерацияси кўпларга ўрнак бўлиши шубҳасиз.

2020 йилда юртимиз спортчиларини, хусусан, боксчиларимизни ҳам катта довонлар кутиб турибди. Жаҳон ва қитъа мусобақалари, қатор халқаро турнирлар ва энг асосийси, Токио олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш ва унда муносиб иштирок этиш, етакчиликни мардонавор ҳимоя қилиш терма жамоа олдидаги катта вазифадир. Ишонамизки, шерюрак боксчиларимиз барчасини уддалайди. Халқимизга хос собитқадамлик билан белгиланган шоҳсупаларда Ўзбекистон мадҳиясини баралла куйлайверади.

3 444
Тўлқин РЎЗИЕВ ЎзА.