ЎзА Ўзбек

11.08.2018 13:07 Чоп этиш версияси

Самога сочилган юлдузлар

Самога сочилган юлдузлар

Шонли тарихга бой бу жамоа сингари кўп мухлисга эга клубни учратмайсиз! Миллат меҳрини қозонган, “Халқ жамоаси” дея эътироф этилган жамоа ҳам йўқ!

У — “Пахтакор”! Оддийгина — “Пахтакор”!

Ярим асрдан зиёд тарихга эга юртимизнинг энг байроқдор жамоасининг олтин авлоди бўлган “Пахтакор-79”нинг Днепродзерижинск осмонидаги авиаҳалокатига ҳам 39 йил бўлибди.

Биласизми, футбол фақат ютуқ ва мағлубиятлардан иборат эмас. Унда аламли йўқотишлар, мудҳиш воқеалар ҳам бўлади. Йўқотиш ҳисси сенга соғинч туйғусини инъом этади. Ҳар йили 11 август санаси яқинлаши билан “Пахтакор-79” ҳақида ёзишга тушамиз. Чунки халқ уни яхши кўрарди.

Инсонлар билан мулоқот қилсангиз, футбол ҳақида сўз очсангиз, суҳбат мавзуси албатта, ўтган асрдаги пахтакорчиларга боқиб тақалади. Бир кўзда ёш, бошқасида эса, қувонч ҳисси барқ уради. Тошкентда ўтадиган ҳар ўйинида республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрувчи мухлислар туфайли ўйингоҳида жой топилмаслиги ҳақида сўзлар қулоғимизга бошқача жаранглайди. Эртак эшитаётгандек тасаввур қиламиз ўзимизни. Архивлардаги эски футбол кадрлари эса, бизга ҳақиқатдан сўзлайди. Киевнинг “Динамо” жамоаси дарвозасига жавобсиз бешта тўп йўллаган, мамлакат чемпиони “Спартак”ни хотиржамлик билан мағлуб қилганлиги ёдимиздан кўтарилгани йўқ.

Бугун ўша стадион юлдузларидан айрилиб мунғайиб қолгандек гўё.. Мухлислар ташрифи сезиларли камайиб кетган, жозибасини йўқотган ҳозирги “Пахтакор”нинг мазмунсиз ҳаракатларидан жаҳлингиз чиқади. Танқид қиласиз. Аммо барибир ич-ичингиздан мухлислик қиласиз. Нега ундай, биласизми? Бу танқидлар, ҳақоратларнинг замирида ўша эски жамоага бўлган соғинч, меҳр ҳисси ётади.

49cefbb5-2534-4128-9ca0-c03edfb70058.jpg

— Ўша пайт, яъни авиаҳалокат рўй берганида айнан Днепродзерижинск шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаётгандим, — дейди фахрий футбол ишқибози сирдарёлик Сатторқул Мамадиев. — Кундузи соат учлар атрофида ҳарбий бўлинма командири аскарларга зудлик билан бир жойга боришимизни айтди. Юк машинамиз қуюқ ўрмон ичига кириб кетди. Бироз ўтиб ялангликка чиқдик. Кўз олдимда самолёт қолдиқлари сочилиб ётарди. Бизга буюмларни йиғиштиришимизни айтилди. Ўша пайтда ҳам бу қандай самолёт, ундаги одамлар ким деб сўраш хаёлимизга келмаган. Ногаҳон “Пахтакор” ёзувли сумкани кўрганимда эса юрагим тўхтаб қолгандек бўлди.

Самога сочилган ўн етти пахтакорчи қалбларда мангу яшайди. Ҳар йили 11 август куни эски мухлисларнинг қалб яраси тирналади. Биз, ёш авлод эса, бу соғинч, алам, изтироб нима эканини тушунмаймиз. Ўн етти пахтакорчининг мангу ором топган манзили томон гул кўтариб бораётган одамлар оқимига ҳайрат ила назар ташлаб тураверамиз.

Йиллар ўтади, аммо бу жамоа унутилмайди. Чунки унутишга ҳаққимиз ҳам йўқ! Ўзбек футболи деганда “Пахтакор-79” ва унинг шонли ўйини ҳақидаги афсоналар кўз олдимизда гавдаланаверади.

Шерзод Маҳмудов, ЎзА
11 090