ЎзА Ўзбек

09.01.2020 Чоп этиш версияси

Самарқандлик спортчилар 2019 йилда 2 минг 326 та медални қўлга киритди

Самарқандлик спортчилар 2019 йилда 2 минг 326 та медални қўлга киритди

Спорт – соғлом турмуш тарзи асоси, мамлакатни дунёга танитувчи восита. Қайсики юртда спорт кенг оммалашган бўлса, ўша мамлакатнинг аҳолиси ҳар томонлама соғлом ва баркамол, спортчилари эса жаҳонда тенгсиз бўлади.

photo5240258919354444689.jpg

Айни шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ҳам спортнинг оммавийлигини ошириш, фарзандларимизни болалигиданоқ спорт билан шуғулланишига имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган беш муҳим ташаббусдан бири ҳам айнан ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишдан иборат.

photo5240258919354444690.jpg

– Давлатимиз раҳбари ғояси асосида амалга оширилаётган беш муҳим ташаббус доирасида 2019 йилда вилоятимизда спортни оммалаштириш мақсадида 1434 та спорт тадбирлари ўтказилиб, уларда 280 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олишга эришдик, – дейди Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Мазкур йўналишда Самарқанд шаҳар, Оқдарё ва Пахтачи туманларининг ҳар бирида тўрттадан маҳалла танлаб олиниб, тажриба лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Қуйи Хўжасоат маҳалласида ҳафтанинг шанба кунлари самбо, стол тенниси, мини футбол бўйича спорт мусобақалари ўтказиш йўлга қўйилди. Нурафшон маҳалласидаги футбол ўйингоҳи маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирланди. 12 миллион сўм эвазига 15 турдаги спорт жиҳозлари олиб берилди. Оқдарё туманидаги Кумушкент маҳалласида кураш, волейбол, қўл жанги, Бозоржой маҳалласида футбол, Янгиқўрғонда футбол, каратэ, бадиий гимнастика, Авазали маҳалласида стол тенниси, баскетбол турлари бўйича спорт тўгараклари ташкил этилиб, машғулотлар олиб борилмоқда. Пахтачи туманидаги Истиқлол маҳалласининг футбол ўйингоҳи эса 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, капитал таъмирланмоқда. Шу туманнинг Шамси Назар маҳалласида жойлашган туман болалар-ўсмирлар спорт мактабини жорий таъмирлаш ва спорт жиҳозлари харид қилиш учун 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу ишлар аҳоли, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар орасидан умидли спортчиларни кашф этиш имконини бераётгани учун 2020 йилда ушбу йўналишдаги фаолиятни янада кенгайтирмоқчимиз. Вилоятимизнинг барча маҳаллаларида беш ташаббус доирасида оммавий спортни ривожлантириш мақсадида спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, вилоятда спортни ривожлантириш, спорт федерацияларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор натижасида самарқандлик спортчилар 2019 йилда республика ва халқаро мусобақаларда 2326 та медални қўлга киритди. Хусусан, ўтган йилги Осиё чемпионати ва кубоги мусобақаларида вилоят спортчилари 36 та олтин, 23 та кумуш, 32 та бронза, жаҳон биринчиликларида эса 16 та олтин, 18 та кумуш ва 23 та бронза медалларига эга чиқди.

Жумладан, 2019 йил 21-24 апрель кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида Руслан Қурбонов уч хатлаб сакрашда биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, 7-11 ноябрь кунлари Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида самбо кураш бўйича жаҳон чемпионатида Давлатжон Ҳамроев олтин медаль билан тақдирланди. 2019 йил 12-15 сентябрь кунлари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри мезбонлик қилган самбо бўйича Осиё чемпионатида самарқандлик беш нафар спортчи биринчи, икки нафар спортчи иккинчи ўринни эгаллагани ҳам вилоят спортчиларининг иқтидор ва салоҳияти анча юқорилигидан далолат беради.

Айни пайтда самарқандлик спортчилар бу йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпиада ва ХVI Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун қизғин кураш олиб бормоқда. Асосий номзод сифатида танлаб олинган 33 нафар спортчи енгил атлетика, дзюдо, бокс, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, бадиий гимнастика, камондан отиш ва паралимпия (парадзюдо, таэквондо ВТФ) бўйича халқаро спорт мусобақалари ҳамда ўқув йиғинларида иштирок этмоқда.

Маълумот учун, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 2 та олимпия захиралари мактаб-интернати, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 1 та эшкак эшиш спорт м
актаби, 21 та спорт мактаби, 1 та футбол академияси ва 1 та “Динамо” профессионал футбол клуби футбол мактаби фаолият юритмоқда. Юқори малакали спорт мураббийлари ва спортчилар тайёрлаш мақсадида 2019 йилда вилоятда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Самарқанд филиали ташкил этилди.

1 686
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА