Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 19:28 Чоп этиш версияси

Самарқанд – Осиё чемпионати мезбони

Самарқанд – Осиё чемпионати мезбони Самарқанд эшкак эшиш каналида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё очиқ кубоги ва параканоэ бўйича Осиё чемпионати мусобақалари бошланди.

Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда ўзбекистонлик 100 дан ортиқ спортчи иштирок этмоқда.

15 сентябрь куни мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Осиё каноэ федерацияси, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда спорт, хусусан, эшкак эшиш спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Ушбу нуфузли мусобақаларнинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани бежиз эмас, – деди Халқаро байдарка ва каноэда эшкак эшиш федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси, мусобақа бош ҳаками, венгриялик Санто Чабо. – Бу, аввало, Ўзбекистонда мазкур спорт турининг жадал ривожланиб бораётгани ва мамлакатингиз вакилларининг халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, ушбу эшкак эшиш каналининг табиий имкониятлари ва қулайлиги, халқаро талабларга жавоб бериши туфайли бу ерда Осиё ва жаҳон биринчиликларини ўтказиш анъанага айланмоқда.

20.JPG

Маросимда санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Беллашувларнинг дастлабки куни катталар ва ёшлар ўртасидаги яккалик ва жуфтлик баҳслари бўлиб ўтди. Катталар ўртасидаги яккалик баҳсларда 200 метрга параканоэ бўйича А.Абдулҳабибов (Ўзбекистон), Ж.Тайкенов (Қозоғистон), аёллар ўртасида Ш.Мирзаева (Ўзбекистон) ғолибликни қўлга киритди. Катталар ўртасида 1000 метрга байдаркада А.Мочалов (Ўзбекистон), каноэда С.Тожиев (Ўзбекистон), шу масофага ёшлар ўртасида байдаркада А.Герман (Ўзбекистон), каноэда С.Иноғомов (Ўзбекистон) маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида катталар ўртасида байдаркада Ш.Аъзамов ва Ж.Нурматов (Ўзбекистон), каноэда Г.Кочнев ва С.Мирбеков (Ўзбекистон), шу масофага ёшлар ўртасида байдаркада Д.Онуфриев ва М.Судин (Ўзбекистон), каноэда С.Иноғомов ва Ж.Равшанов (Ўзбекистон) жуфтликлари ғалаба қозонди.

Мусобақалар давом этмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
3 167






Все о погоде - Pogoda.uz