Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.01.2017 13:39 Чоп этиш версияси

Наманган вилоятида 8,5 мингдан зиёд спорт иншооти фаолият кўрсатмоқда

Наманган вилоятида 2016 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 17 замонавий спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг аксарияти қишлоқ жойларда барпо этилгани янада эътиборлидир.

Ўтган йили вилоятда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги муҳим вазифаларга бағишлаб ўтказилган тадбирда бу алоҳида қайд этилди.

Барча спорт турлари бўйича федерацияларнинг вилоят бўлимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, корхоналар раҳбарлари, спортчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда спортни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, жисмоний тарбия ва спортнинг барча турлари билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Наманган вилоятидаги 8 минг 500 дан зиёд замонавий спорт иншоотида 204 мингга яқин аҳоли спортнинг 50 дан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Қишлоқларда ташкил этилган 700 га яқин секция ва бўлимларга 200 мингдан зиёд, жумладан, 70 минг хотин-қиз жалб этилган. 50 дан ортиқ болалар ва ўсмирлар спорт мактаби иншоотлари спортсевар ўғил-қизлар билан гавжум. 30 дан ортиқ спорт тури бўйича федерация ва ассоциациялар фаолияти йўлга қўйилган.

Яратилаётган шароит ва имкониятлар самараси вилоят спортчилари эришаётган ютуқларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

– 2016 йилда наманганлик спортчилар эришган ғалабалар Ватанимиз спорти тарихига муносиб саҳифа бўлиб қўшилди, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Наманган вилоятидаги вакили Шокиржон Қорабоев. – Вилоят спортчилари томонидан республика ва халқаро миқёсда ўтказилган спорт мусобақаларида 294 олтин, 370 кумуш, 431 бронза медали қўлга киритилгани фикримиз тасдиғидир.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида чустлик Муроджон Аҳмадалиев бокс бўйича бронза, XV Паралимпия мусобақаларида Нозимахон Қаюмова найза улоқтириш бўйича олтин медални қўлга қиритди, янгиқўрғонлик Адҳамжон Эргашев оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, деган юксак шарафга сазовор бўлди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда спорт федерациялари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, 2017 йилда вилоят спортини янада ривожлантиришга доир долзарб вазифа ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА