Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 11:36 Чоп этиш версияси

Саидамирхон Турғунбоев навбатдаги тур ғолиби

Саидамирхон Турғунбоев навбатдаги тур ғолиби

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр“ от спорти клубида давом этаётган от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича жаҳон кубоги финал босқичида юртимиз вакиллари муносиб иштирок этмоқда.

40.jpg

Куни кеча моҳир чавандозлар 115 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан от сакратиш бўйича маҳоратини намойиш этди. Қувонарли жиҳати, қизғин ва муросасиз кечган беллашувда ҳамюртимиз Саидамирхон Турғунбоев ғолиб бўлди. У “Амбассадор“ (Каптива) лақабли отида 54,3 сония натижа қайд этиб, мазкур тур пешқадамига айланди. 56,5 сония натижа қайд этган Жанубий Африка давлати вакили Доусон Травис мусобақа жадвалининг иккинчи, яна бир ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов эса 57 сония натижа билан учинчи ўриндан жой эгаллади.

43.jpg

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг дастлабки кунида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Абдушукур Собиржонов 120 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан от сакратиш бўйича беллашувда “Режайна“ лақабли оти билан 61,8 сония натижа қайд этиб, пешқадамликни қўлга киритган эди. Икки кунлик баҳслар умумий натижаси бўйича ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов мусобақа пешқадами бўлиб турибди.

А.Худойқулов, ЎзА