Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Рустам Қурбонов: Спортда эришилган натижаларни эътироф этган ҳолда жиддий камчилик ва муаммолар мавжуд эканини ҳам айтиш зарур

Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар ва соҳада мавжуд камчилик ва муаммолар ҳақида гапириб берди.

Бугун мамлакатимиз том маънода спорт мамлакатига айланди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг қарор топиб, спортнинг оммавийлиги таъминланмоқда. Ўзбекистон спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, мамлакатимиз спорт салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқда. Биргина 2016 йили Бразилияда ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалари жаҳон спорт жамоатчилигига мамлакатимизни спорти жадал ривожланаётган давлат сифатида танитди. Бу билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Лекин эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқларни эътироф этган ҳолда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларга етарлича шароитлар яратиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, спорт тадбирларини ташкил этиш борасида жиддий камчилик ва муаммолар мавжуд эканини ҳам айтиш зарур.

Масалан, бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 9 698 та умумтаълим мактабининг 67,6 фоизида спорт заллари мавжуд бўлса, 32,4 фоизида спорт заллари йўқ. Мактабларда жами 25 минг 603 нафар жисмоний тарбия фани бўйича ўқитувчи фаолият кўрсатади. Уларнинг 17 минг 735 нафари (69,2 фоиз) олий маълумотли, 7 минг 868 нафари (30,8 фоиз) ўрта махсус маълумотга эга. Жисмоний тарбия фани бўйича ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар сони Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида кўпчиликни ташкил этади. Жисмоний тарбия фани бўйича ўқитувчилар учун ўқитувчи методик қўлланмаси 2003 йилда яратилган бўлиб, ҳозирга қадар мазкур қўлланма чоп этилмайди.

Республика ҳудудида 225 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлиб, булардан 53 таси спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабидир. Мазкур мактабларда жами 318 693 нафар, шундан 97 минг нафари қиз болалар спорт турлари билан мунтазам шуғулланади, бу умумий мактаб ўқувчиларининг фақатгина 7,1 фоизи деганидир.

Шунингдек, маҳоратли спортчилар касб-ҳунар коллежлари, айниқса, олимпия захиралари коллежларини битиргандан сўнг, битирувчи-спортчиларни ишга жойлашиши ёки оилани моддий томондан таъминлаш муаммосига дуч келиши боис, эндигина юқори натижалар кўрсатадиган вақтда катта спортни ташлаб кетиши ёки чет давлатларига кетиб қолиш ҳолатлари энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Аввалги йилларда топширилган спорт иншоотларини талаб даражасида сақлаш, улардан самарали фойдаланиш борасида нуқсонлар мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 февралдаги «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳада юзага келган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Суҳбатнинг тўлиқ матни билан танишиш учун сайтимизни кузатиб боринг.

ЎзА
3 163






Все о погоде - Pogoda.uz