ЎзА Ўзбек

28.01.2019 Чоп этиш версияси

Роберто Карлос Ўзбекистонда ишлашга қарши эмас, аммо “Реал”га содиқлигича қолади

Роберто Карлос Ўзбекистонда ишлашга қарши эмас, аммо “Реал”га содиқлигича қолади Хабарингиз бор, бугун жаҳон футболининг ёрқин юлдузи бразилиялик Роберто Карлос юртимизга ташриф буюриб, бир қатор тадбирларда иштирок этмоқда.

Режага кўра бугун у соат 16:00да Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси анжуманлар залида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари билан матбуот анжумани ўтказиши лозим эди. Бироқ, айрим сабабларга кўра Карлос анжуманга кечикиб келди. Дунё даражасидаги юлдузнинг камтарлигини шундан ҳам кўриш мумкинки, у даставвал барчадан уз сўради.

Аввало барчадан кеч қолганим учун узр сўрайман. Кеча Каталонияда эдим. У ерда бўлиб ўтган “Эспаньол” – “Реал Мадрид” учрашувини стадионда томоша қилдим. Бу ўйинда “Реал” 4-2 ҳисобида ғалаба қозонганидан хабарингиз бор. Кейин тўғри Тошкентга қараб учдим. Гарчи олис йўл босиб, чарчаб келган бўлсамда бу ерда кўплаб болаларни кўриб, улар иштирокида мастер класс ўтганимдан хурсандман. Лекин толиқиш йўқ, аксинча бу менга қўшимча куч бағишлади. Мен жуда кўп ишлайман. Бу ерга келишимга сабабчи бўлган барча-барчадан миннатдорман.

Бугун Ўзбекистон футбол академиялари фаолияти билан қисман танишдингиз. Юртимиздаги футбол академиялари жаҳон даражасига чиқиши учун нималарга эътибор қаратиши зарур?

Энг аввало машғулотларни тўғри бажариш керак, қолаверса яхши мураббийлар бўлиши лозим. Умуман, бу ерда бир-бирига боғлиқ жуда кўп омиллар бор. Академияда барчаси тўғри йўлга қўйилса натижа ҳам яхши бўлади. Менинг шахсий академиям бор. Уни келгусида Ўзбекистонга олиб келиш ниятим ҳам йўқ эмас.

Ўзбек футболи ҳақида қандайдир тасаввурга эгамисиз? “Анжи“да ҳамюртимиз Одил Аҳмедов билан бирга тўп тепгансиз, қолаверса Ривалдо, Сколари, Зиколар юртимизда фаолият олиб боришганини билармидингиз?

Одил билан муносабатларимиз яхши. Бугун юртингиздаги ёшларни кўриб сизлардаги имкониятлар юқорилигига ишонч ҳосил қилдим. Ўзбек футболи ҳозирги даражасидан юксалишига ишонаман.
Автобиографиянгиз билан танишиб чиққанимда сиз ёшлигингизда отангизга янги уй олиб бераман, деб ваъда берган экансиз.

 Шу мақсадингизга эришдингизми?

Дастлабки профессионал шартномамни имзолаётган пайтимда шу фикр миямда бўлган. Барча бразилияликлар сингари мен ҳам оиламга меҳрибонман. Албатта отамга уй олиб берганман ва улар ҳозир ҳам шу уйда яшамоқда.

Жаҳон чемпиони бўлган Бразилия терма жамоаси аъзолари билан алоқаларингиз сақланиб қолганми? Улар билан йиғилиб турасизларми?

Албатта 2002 йили жаҳон чемпиони бўлган таркибдаги футболчилар билан алоқаларим сақланиб қолган. Аммо жамоа аъзоларининг йиғилиб туриши осон эмас. Ўша таркибдаги футболчилар ҳозир дунёнинг турли бурчакларида фаолият олиб боришмоқда. Кимдир АҚШда, бошқаси Бразилияда, дейлик Роналдо Вальядолидда, мен эса Мадридда. Лекин улар билан алоҳида гуруҳимиз бор, ўша ерда гаплашиб турамиз.

Агар ЎФА томонидан сизга шартнома таклиф қилинса Ўзбекистонга келиб ишлар эдингизми?

Қани шартнома (яна кулги кўтарилади). Футболда ҳеч қачон йўқ, деб бўлмайди. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Аммо ҳозирда мени “Реал” билан беш йиллик шартнома боғлаб турибди.

Сизга ўзбек ошхонаси ёқдими?

Албатта. Умуман, ўзбек ошхонаси менга бегона эмас. Москвада 3 йил яшаганман. Мен яшаган жойга яқин ерда ўзбек ресторани бор эди ва кўпинча у ерга бориб турардим. Шу боис ўзбек овқатларини жуда яхши биламан.

Сиз ўйнаган даврдаги “Реал“ кучли эдими ёки Зидан қўл остида қаторасига уч марта ЕЧЛни ютган жамоами?

Мен учун биз тўп тепган даврдаги “Реал”, яъни ўша пайтдаги “Галактикос“ни кучли эди.

1997 йили Конфедерациялар кубогида Франция дарвозасига урган супер голингиз ҳамон футбол мавзусидаги кўрсатувларни безайди. Бугунги ёшлар шундай зарбага эга бўлиш учун нима қилиши керак?

Кўп меҳнат қилиш керак. Мен машғулотларга ҳаммадан биринчи бўлиб келардим ва энг охирги бўлиб кетардим. Ана шу меҳнатларим самараси ўлароқ ўша гол юзага келган. 

Сиз ўша голни кўрганмисиз?

Ҳа, кўрганман. Жуда яхши, бошқа бундай голни кўрмайсиз (залда кулги кўтарилади)

Айни пайтда “Реал” билан шартномангиз бор экан. Нима содир бўлса ёки қанча пул таклиф этилса “Барселона”га ўтардингиз?

Бу жуда қийин савол. Карлес Пуйоль ҳам Тошкентга келган, тўғрими? Сиз уни “Реал” либосида тасаввур қила оласизми? Йўқ. Мен ҳам худди шундай, “Реал Мадрид”нинг тимсоли ҳисобланаман.

Шу тариқа матбуот анжумани якунланди ва Роберто Карлоснинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди. Албатта, бу қисқа ташриф орқали бразилиялик тўп афсунгари юртимиздаги ёш футболчиларга кўп нарса бермаслиги тайин, бироқ эртамиз эгалари қалбида ҳақиқий футболга ҳавас уйғота олса, шунинг ўзи биз учун катта ютуқ. Ана шу ҳавас ортидан ёшларимиз вақти келиб дунё футболининг катта саҳналарига кўтарилса, бундан фақат ўзбек футболи ютади.



7 314
Отабек Эшмаматов, ЎзА