ЎзА Ўзбек

31.08.2018 18:19 Чоп этиш версияси

Рекордчи спортчиларимиз мамлакатимизга қайтиб келди

Рекордчи спортчиларимиз мамлакатимизга қайтиб келди Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида енгил атлетика, оғир атлетика, кураш ва пенчак силат бўйича юксак натижаларни қўлга киритган спортчиларимизнинг бир гуруҳи мамлакатимизга қайтиб келди.

Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Руспубликаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, спорт федерацияларининг мутасадди раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, спорт мухлислари кутиб олди.

Мамлакатимизда спортни, жумладан, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини жадал ривожлантириш, ёшлар ўртасида кенг оммалаштиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ўз самарасини бераётир. Бунинг натижасида эса нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган иқтидорли спортчиларимиз доимо ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда.

Жумладан, XVIII ёзги Осиё ўйинларининг оғир атлетика бўйича ўтган баҳсларда вазни 105 килограмм бўлган полвонимиз Руслан Нуруддинов мамлактимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Оғир атлетикачиларимиздан ўз вазн тоифаларида Достон Ёқубов ва Омадой Отақўзиева кумуш, Адҳамжон Эргашев ҳамда Рустам Жангабоев бронза медалига сазовор бўлди.

– Бундан икки йил аввал Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиш билан бирга Олимпиада рекордини янгилаган эдим, – дейди Р.Нуруддинов. – Ўшанда Осиё ўйинларида ҳам шундай натижага эришишни ният қилгандим. Мана ушбу орзуимга ҳам етдим. Бундай ғалабаларни қўлга киритишимизда биз, спортчиларга яратиб берилаётган улкан шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман.

Жорий йилги Осиё ўйинларининг енгил атлетика бўйича баландликка сакраш баҳсларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Светлана Радзивил 1,96 метр баландликни забт этиб, олтин медални қўлга киритди ва 2010 йилда Гуанжоуда ўтган Осиё ўйинларида ўзи қўйган рекордини янгилади.

Шунингдек, атлетларимиздан уч ҳатлаб сакраш йўаналишида Руслан Қурбонов, баландликка сакрашда Надия Дусанова кумуш медални қўлга киритган бўлса, босқон улоқтиришда Суҳроб Хўжаев бронза медали билан тақдирланди

– Осиё ўйинларида ғалабам шарафига мадҳиямиз садоси остида байроғимиз кўтарилганда ушбу юрт фарзанди эканимдан фахрландим, кўзларимда қувонч ёшлари қалқиди, – дейди С.Радзивил. – Мен бу ғалаба билан чекланмайман. Эндиликда ўз олдимга Олимп чўққисини забт этишни мақсад қилдим.

XVIII ёзги Осиё ўйинларининг илк маротаба ўтказилган кураш баҳсларида Маъруф Ғайбуллаев, Шермуҳаммад Жандреев, Муҳсин Ҳисомиддинов, Гулнор Сулаймонова, Дилдора Шерметова, Кумуш Йўлдошева барча рақибларини енгиб олтин медаль билан тақдирланди.

Делегациямизга полвонларимиздан Руслан Бўриев ва Яҳё Имомов кумуш, Сарвар Шомуродов, Нурбек Тўраев, Ойсулув Абдумажидова ҳамда Мухлиса Абдумаликова бронза медалини келтирди.

Пенчак силат беллашувларида Абдумалик Салимов бронза медалига эгалик қилди.

Мусобақалар давом этмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
3 418