ЎзА Ўзбек

15.05.2019 11:10 Чоп этиш версияси

Расман: Гризманн “Атлетико”ни тарк этади

Расман: Гризманн “Атлетико”ни тарк этади

Мадриднинг “Атлетико” клуби ҳужумчиси Антуан Гризманн жорий мавсум якунлангач клубни тарк этади. Бу хабар матрасчиларнинг расмий сайти орқали ҳам тасдиқланди.

Хориж матбуотининг хабар беришича, Гризманнинг “Барселона”га ўтиши кутилмоқда.

Франциялик чарм тўп устаси Антуан Гризманн 2014 йилда “Реал-Сосьедад” клубидан 30 миллион евро эвазига Диего Симеоне бошқарувидаги “Атлетико” сафига келиб қўшилган эди. Ўтган давр мобайнида футболчи “матрасчилар” билан бирга бир мартадан Европа лигаси, УЕФА суперкубоги ҳамда Испания суперкубогида ғалаба қозонди. 

Жорий мавсумда футболчи барча мусобақаларда 47та ўйинда майдонга тушиб, 21та гол урган ҳамда 10та голга ҳаммуаллифлик қилган. Мадриддаги беш йиллик фаолияти давомида Гризманн барча мусобақалар доирасида 256та ўйинда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасини 133 маротаба ишғол этиб, яна 50та голга ҳаммуаллифлик қилган.

Тахминларга қараганда “Барселона” Антуан Гризманн учун 120 миллион евро тўлаши ёки Мадрид клубига бразилиялик Фелипе Коутиньони бериши мумкин.

О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА
2 496