ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

ПСЖ 9-бор Франция Лига Кубоги ғолиби, «Янг Бойз» эса кетма-кет учинчи марта Швейцария чемпиони

ПСЖ 9-бор Франция Лига Кубоги ғолиби, «Янг Бойз» эса кетма-кет учинчи марта Швейцария чемпиони

ПСЖ бу муваффақиятга Лига Кубоги финалида «Лион»ни енгиб эришди, «Янг Бойз» эса муддатидан олдин мақсадига етишди.

Кеча тунда ПСЖ жамоаси Франция Лига кубоги финалида «Лион»ни пенальтилар церийасида мағлуб этди - асосий ва қўшимча бўлимларда ҳисоб очилмади. Пенальтилар cериясида эса ПСЖ 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди ва Лига Кубогининг 9 карра соҳибига айланди. Бу ғалаба парижликларнинг жорий мавсумда мамлакатдаги барча тўртта совринни ўзиники қилишига асос бўлди. Бунгача клуб мамлакат чемпионлиги, кубоги ва Суперкубокда зафар қучганди.

ПСЖ Францияда охирги олти мавсумда тўртинчи бор барча совринларга эришмоқда. Фақат икки мавсумда бир ёки иккита совриндан «қуруқ» қолган. 2018-2019 йилги мавсумда мамлакат чемпионати ва Суперкубокда ғолиб чиққан, Кубок финалида «Ренн»га мағлуб бўлиб, Лига кубогининг 1/4 финалида мусобақани тарк этган. 2016-2017 йилги мавсумда ҳам учта совринга эга чиққан, фақат чемпионатда «Монако»дан кейин иккинчи ўринни банд этган.

Кеча, шунингдек Швейцарияда ҳам янги чемпион номи маълум бўлди. Мамлакат чемпионатининг 35-тур доирасида «Янг Бойз» «Сён» (1:0)га қарши ўйинда ғалаба қозонди ва иккинчи ўриндаги «Санкт-Галлен»ни 5 очкога ортда қолдирган ҳолда, чемпионат тугашига бир тур қолганда муддатидан олдин Швейцария чемпионига айланди. «Янг Боайз» кетма-кет уч марта чемпион бўлди ва ўз тарихидаги 14-чемпионликни нишонлади. Шу жамоа аъзоси Жан-Пер Нсаме эса чемпионатнинг энг яхши тўпурари совринини қўлга киритди. Камерунлик ҳужумчи 31та ўйинда 30та гол уришга муваффақ бўлди.

2 858
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА