ЎзА Ўзбек

15.04.2019 16:14 Чоп этиш версияси

Профессионал боксчиларимиз ўз рақибларини билиб олди

Профессионал боксчиларимиз ўз рақибларини билиб олди

Айни пайтда бир қатор чарм қўлқоп усталаримиз профессионал боксда фаолият олиб бормоқда. Ана шундай спортчиларимиздан бири – “Кака” лақабли Муроджон Аҳмадалиев ўзининг навбатдаги жанги қачон бўлиб ўтишини маълум қилди.

Ҳамюртимиз 19 апрель куни мексикалик Карлос Карлсонга қарши рингга кўтарилади. Мазкур жанг АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этиладиган бўлди. Маълумот ўрнида айтиш керак, 28 ёшли Карлсон шу пайтгача 28та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 23тасида ғалаба қозонган (14таси нокаут) ва 5 бор мағлубият аламини таътиб кўрган. М.Аҳмадалиев эса шу кунгача 5 марта рингга чиққан ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, жанг Тошкент вақти билан 20 апрель куни эрта тонгда бошланади.

photo5305645965325216328.jpg

Профи боксда фаолиятини давом эттираётган яна бир ҳамюртимиз, Рио олимпиадаси ғолиби Фазлиддин Ғоибназаровнинг ҳам навбатдаги рақиби аниқ бўлди. 11 май куни ташкил этиладиган бокс оқшомида Фазлиддин америкалик Майкл Фоксга қарши жанг қилади. Ушбу беллашув АҚШнинг Аризона штатида ўтказилиши белгиланган.

Дарвоқе, Майкл Фокс жорий йил 15 февраль куни бошқа бир юртдошимиз Шоҳжаҳон Эргашевга қарши рингга кўтарилган ҳамда фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олганди. Бунгача Фокс қаторасига 19та жангда ғалаба қозонган эди. Ғоибназаров эса шу пайтгача профессионал боксда 7та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.

ЎзА
1 570