ЎзА Ўзбек

13.08.2018 16:12 Чоп этиш версияси

ПРО-ЛИГА: Саккизта ўйиндан фақат биттасида мезбон ғолиб

ПРО-ЛИГА: Саккизта ўйиндан фақат биттасида мезбон ғолиб
Про-лиганинг йигирманчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, “А” ва “В” гуруҳидаги саккизта учрашувлардан фақатгина биттасида мезбон жамоанинг ғалаба қозонгани кузатилди. Учта ўйинда томонларнинг кучи тенг келди, турнинг тенг ярим ўйинларида меҳмон жамоанинг омади чопди.

Мезбонликдаги ягона ютуқ “А” гуруҳида юз берди. “Истиқлол” жамоаси ўз майдонида гуруҳ пешқадами бўлиб турган “Андижон” жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиқди – 1:0. Гуруҳдаги яна бир қизиқ учрашув “Сурхон” ва “Шўртан” ўртасида кечди. Турнир етакчиларидан бири ҳисобланган термизликлар ўйин бошиданоқ ғузорликларга нисбатан хотиржамликка берилишди. Якунда эса меҳмонлар бундан унумли фойдалана олди. Ваҳоланки, биринчи бўлим охирларида биринчи бўлиб мезбонлар ҳисобни очганди. Бўлим якунига қадар эса ғузорликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишга эришди. Иккинчи бўлим бошидаги Фарҳод Намозовнинг голи майдон эгаларининг кайфиятини тушириб юборди ва бу натижага ҳам таъсирини кўрсатди. “Хоразм”-“Орол” учрашуви анча асабий ўтди. Биринчи бўлимнинг ўзида нукусликлар рақиблар дарвозасини икки бор нишонга олиб қўйишди. Ўртада бир-бирига яқин жойлашган икки жамоа мухлислари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқди. Натижада бош ҳакам икки бор ўйинни тўхтатишга мажбур бўлди. Танаффус вақтида учрашув комиссарининг олиб борган тарбиявий ишларидан кейин иккинчи бўлим тинч ўтди ва мезбонлар ҳам иккита тўп киритишга муваффақ бўлди, якуний ҳисоб эса 2:2 натижаси билан тугади.

“В” гуруҳида кутилмаган натижа “Ифтихор” ва “Зомин” жамоалари учрашувида кузатилди. “Зомин” сафарда тўп суришига қарамай, “Ифтихор”ни йирик ҳисобда мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Ваҳоланки, бир тур олдин зоминликлар ўз майдонида “Лабса”дан худди шундай ҳисобда мағлубиятга учраган эди. Ўтган турда “Зомин”да йирик ҳисоб қайд этган “Лабса” эса бу турда ўз майдонида “Ғиждувон”га 1:2 ҳисобида енгилиб қўйди. Қизиқ ҳолат. Гуруҳ етакчиси “Нурафшон”нинг ўз майдонида “Шердор” билан дуранг (3:3) ўйнашини ҳам кўпчилик кутмаганди... 

“А” гуруҳи. 20-тур

“МАШЪАЛ” – “НОРИН” - 0:0

“ИСТИҚЛОЛ” – “АНДИЖОН” - 1:0
Гол: Темур Султонов (54).

“ХОРАЗМ” – “ОРОЛ” - 2:2
Голлар: Ойбек Нурбоев (73), Тимур Бекчанов (81) - Наврўз Хаипов (27), Бобир Фарҳодов (32). 

“СУРХОН” – “ШЎРТАН” - 1:3
Голлар: Сардор Эминов (41) - Аббос Ғуломов (44), Маъруф Муродов (45+1), Фарҳод Намозов (48). 

“В” гуруҳи

“ЛОКОМОТИВ-БФК” – “ЁЗЁВОН” - 1:2
Голлар: Аҳмадхўжа Валиев (86) - Мақсад Иброҳимов (4), Абдулазиз Жўрабоев (31). 

“ЛАБСА” – “ҒИЖДУВОН”- 1:2
Голлар: Баҳром Нарзуллаев (24) - Жамшид Ҳасанов (38), Мирзабек Жониқулов (49).

“ИФТИХОР” – “ЗОМИН” - 0:3
Голлар: Нурилло Мирзажонов (38, ўз дарв,) - Шоҳжаҳон Аббосов (77), Азамат Абдуллаев (81).

“НУРАФШОН” – “ШЕРДОР” - 3:3
Голлар: Элбек Равшанов (21), Элбек Равшанов (27), Фаррух Шотурсунов (72) - Фаррух Фахриддинов ( 36), Марадона Сафаров (57-пен.), Абдулла Набиев (68). 

20-турдан кейин “А” гуруҳида “Андижон” 35 очко билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринда бораётган “Машъал” 33 очко, учинчидаги “Сурхон” эса 32 очко тўплаган. “Истиқлол” 29 очко билан пешқадамларни таъқиб қилмоқда. Гуруҳ аутсайдерлари “Норин”да 14, “Орол”да эса 11 очко бор.

“В” гуруҳида “Нурафшон” 38 очко тўплаган ҳолда яқин таъқибчиси “Ёзёвон”ни беш очкога ортда қолдирмоқда. Учинчи ва тўртинчи ўринлардаги “Ғиждувон” ҳамда “Шердор” жамоаларида 31 ва 30 очкодан жамланган. Бу гуруҳда 16 очко билан “Хотира-79” ва 10 очко билан “Локомотив-БФК” жамоалари аутсайдерлар ҳисобланади.

Навбатдаги тур ўйинлари 15 ва 16 август кунларига белгиланган.

Ойбек Юнусов, ЎзА
4 572