ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

ПРО “Б” ЛИГА: “Зомин” муддатидан олдин Про “А” лигага йўлланма олди

ПРО “Б” ЛИГА: “Зомин” муддатидан олдин Про “А” лигага йўлланма олди

Про “Б” лигасининг 22-тур ўйинлари кеча “Шарқ” минтақасининг “Андижон-2” ва “Яшнобод” жамоалари ўртасидаги учрашуви билан якунига етди.

Турнинг муҳим воқеаларидан бири “Зомин” жамоасининг муддатидан олдин лига ғолиби сифатида Про лиганинг “А” гуруҳига йўлланма олганлиги бўлди. Зоминликлар мавсум давомида шу кунгача 18та ўйин ўтказишиб, шундан атиги иккитасида дуранг ва яна шунчасида мағлубиятга учраган бўлса, қолган 14 та учрашувни ўз фойдаларига ҳал этишди. 22-турда ўз майдонида Навоийнинг “Иттифоқ” жамоасини қабул қилган зоминликлар рақибларини йирик – 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди ва муддатидан олдин юқорироқ лигага йўлланма олди.

“А” Про лиганинг талаблари “Б” лигага нисбатан анча юқори ва катта, “Зомин” мавсум олдидан ўз олдига аниқ мақсад қўяр экан, бу талабларга лаббай дея жавоб беришнинг олдини ҳам олиб қўйган. Бу борада Зомин шаҳридаги Марказий ўйингоҳ замонавий талабларга жавоб бера олиш даражада таъмирланмоқда. Бутун ёз давомида стадионда қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом этди. Футболчилар эса бу вақт оралиғида уй учрашувларини Янгиер шаҳрида ўтказишди. Келаси йилдан яна бир клубимизнинг юқори лигада профессионал клуб сифатида фаолият кўрсатишидан эса кўпчилик мамнун.

Мавсум давомида юқори лигага йўлланма олиш “дардида ёнган”лардан яна бири “Янгиер” жамоаси бўлди. Янгиерликлар имкон қадар юқори сари интилди, лекин ҳар доим ҳам уларнинг айтганлари бўлавермади, мағлубиятлар сони кўпайиб кетди. Охир-оқибат жамоа келаси йилда ҳам Про “Б” лигада фаолият юритиши аниқ бўлди. Ғолибликка шунингдек, “Орол” жамоаси ҳам яхшигина ҳаракат қилди. Бироқ “Зомин” туфайли орзулари “саробга айланган” жамоа ҳеч бўлмаса гуруҳни иккинчи ўрин билан якунлаш пайида бўлди. Бунинг учун асосий рақиблари “Янгиер”дан устун келишлари талаб этиларди. Бу борада нукусликларда яхшигина имконият ҳам туғилганди – ўз майдонида шу рақибнинг ўзини енгиши керак эди холос. Аммо бунинг ҳам уддасидан чиқиб билмади. Нукусликлар мезбон бўла туриб янгиерликлардан йирик – 0:3 ҳисобида енгилишди ва гуруҳдаги иккинчи ўринга бўлган уринишни деярли чиппакка чиқаришди.

Pro-liga-Bun-Rash (3).jpg

“Ғиждувон” ҳам агар ўз майдонида гуруҳ аутсайдери “Зирабулоқ”ни енга олганида эди, қўрқмасдан учинчи ўрин учун курашни давом эттирса бўларди. Атиги икки тур қолганида энди бунинг имкони деярли йўқ. Бунинг учун навбатдаги турда “Орол” ўз майдонида “Янгиер”дан енгилиши, “Ғиждувон” эса сафарда “Янгиер”ни мағлуб этиши керак бўлади. Агар иш кўнгилдагидек кечса, сўнгги турдаги ўзаро ўйинда ғиждувонликлар ўз уйларида айнан “Орол” билан ростмана “ёқалашишига” тўғри келади.

Мусобақа қонун-қоидасига кўра Про “Б” лигасининг ғолиби Про “А” лигага йўлланма олиши белгиланган. Лекин бизда Про “Б” лигаси икки минтақадан иборат. Демак, Про “А” лигага Про “Б” лигадан бир эмас иккита жамоа йўлланма олар экан, деган тушунча пайдо бўлади. Шундай бўлгач Про “Б” лиганинг “Ғарб” минтақасидан “Зомин” шундай бахтга сазовор бўлган бўлса, “Шарқ” минтақасидан бундай бахт кимга насиб этаркан?

Айни пайтда гуруҳ ғолиблигига бир эмас, нақд тўртта жамоа даъвогарлик қиляпти. Мусобақани юқори савияда ўтказаётган, илк бор жиддий лигада иштирок этишига қарамай ишга профессионал даражада ёндошаётган Яйпан шаҳрининг “Турон” жамоаси кечаги ўйинда ғалаба қозонганда эди, деярли ниятига етиб қоларди. Бироқ Тошкентда “Локомотив-БФК” жамоасига қарши ўйинда кутилмаганда мағлубиятга учради. Аслида бу натижани кутилмаганга йўйиш ҳам адолатдан бўлмайди, сабаби тошкентликларнинг ўзлари ҳам гуруҳ ғолиблиги учун курашяпти ва бунинг учун имкониятлари ҳам йўқ эмас. Сабаби олдинда ҳали яна олтита тур бор. Олти тур ичида карвонбошилик нафақат бу икки клубга, балки уларни кетма-кет таъқиб қилаётган Шаҳрихоннинг “Раш Милк” ва пойтахтнинг “Бунёдкор-2” жамоаларига ҳам насиб этиб қолиши ҳеч гап эмас. Агар “Турон” ва “Локомотив-БФК” ўртасида беш очко фарқ юзага келган бўлса, “Локомотив-БФК” билан “Раш Милк” ўртасидаги очколар атиги иккитага фарқ қиляпти. “Бунёдкор-2” жамоаси эса шаҳрихонликлардан беш очкога ортда қоляпти. Ўтган куни бўлиб ўтган бу жамоаларнинг ўзаро ўйинида ҳисобни очиш ҳеч кимга насиб этмади. Мабодо мезбонлик нуқтаи назаридан майдон эгалари ғалаба қозонганида орадаги фарқ иккитага қисқарган бўларди. Лекин шаҳрихонликлар бунга йўл қўйишмади, сафардан бир очко бўлсада жамғаришга эришишди.

Pro-liga-Bun-Rash (1).jpg

Кеча ўтказилган турнинг сўнгги ўйинида “Андижон-2” жамоаси ўз майдонида “Яшнобод” жамоасини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Кўринишидан қизиқарлига ўхшаб кечган ўйинда пойтахтликлар томонидан оддий ҳолатларда йўл қўйилган хатолар мухлислар томонидан шубҳага олинганлиги рост. Учрашувдан олдин томошабинлар орасида айнан шундай ҳисоб қайд этилиши бўйича бўлиб ўтган шивир-шивирлар охир оқибат шундай тўхтамда якун топиши одамни ўйга солади. Ишонмай десанг учрашувнинг сўнгги дақиқаларида “Яшнобод” ҳимоячиси оддий вазиятда рақиб ҳужумчисини олдинга қараб интилишига шароит яратиб бергани етмагандек орқасидан етиб бориб жарима майдони ичида қўполлик билан уни йиқитди ҳам. Турган гапки бош ҳакам пенальти белгилади ва гол бўлди. 

Афсуски, бундайин воқеалар футболимизда, айниқса, Про лига жамоаларида тез-тез кузатилаётгани бор гап. Ваҳоланки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси футболдаги бу каби ноҳақликларга, адолатсизликка ва коррупцияга қарши тинимсиз кураш олиб бораётганидан хабаримиз бор. Билишимизча футболимизга ёт бўлган, қинғир ишлар билан шуғулланаётган кимсалар тез орада фош этилади ва қилмишига яраша жавоб беришади.

Про Б лигасида бўлиб ўтган 22-тур ўйинлари:

“Ғарб” минтақаси

“ЗОМИН” – “ИТТИФОҚ-Н” - 4:1Голлар: Достон Тошматов (9, 20), Азамат Розиқов (57), Шаҳбоз Сувонбердиев (88) - Баҳодир Қосимов (34).

“ҒИЖДУВОН” – “ЗИРАБУЛОҚ” - 1:1
Голлар: Жамшид Хасанов (77) - Бобур Мирзо Ғафуров (90)

“ОРОЛ” – “ЯНГИЕР” - 0:3
Голлар: Ихтиёр Холмўминов (55), Абдумалик Абдуллаев (58), Алишер Собиржонов (76).

“Шарқ” минтақаси
“ЛОКОМОТИВ-БФК” – “ТУРОН” - 2:1
Голлар: Асилбек Орифжонов (55), Нурмуҳаммад Тошпўлатов (87) - Абдулазизхон Абдурашидов (16).

“БУНЁДКОР-2” – “РАШ-МИЛК” - 0:0

“РУБИН” – “ЧИҒАТОЙ” - 0:0.

22-турдан кейин турнир жадвалида юзага келган холат:

“Ғарб” минтақаси

1.“Зомин” 44 очко
2.”Янгиер” 37
3.”Орол” 31
4.”Ғиждувон” 27
5.”Иттифоқ Н” 10
6.”Зирабулоқ” 8

“Шарқ” минтақаси

1.”Турон” 49 очко
2.”Локомотив БФК” 44
3.”Раш Милк” 42
4.”Бунёдкор-2” 37
5.”Рубин” 27
6.”Яшнобод” 18
7.”Чиғатой” 17
8.”Андижон-2” 12.

Навбатдаги 23-тур ўйинлари 8 октябрга белгиланган.

2 644
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА