ЎзА Ўзбек

06.03.2013 15:56:51 Чоп этиш версияси

Президент совғалари – спортчи қизларга

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўқувчи қизларига Президент совғаси – спорт кийимларини тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Қарши шаҳрида ўтказилган ана шундай тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, мураббийлар, таълим муассасалари ўқувчилари, спортчи қизлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлаб, спортчи қизлар ва уларнинг мураббияларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этдилар.

2008-2012 йилларда вилоятда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи болалар сони 24 фоиздан 37,1 фоизга ўсди. Жумладан, 102 минг нафардан ортиқ қиз мунтазам спорт билан шуғулланмоқда.

Байрам арафасида вилоят бўйича 25 минг нафардан зиёд ўқувчи қизларга спорт кийимлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Т.Жўраев иштирок этди.