ЎзА Ўзбек

26.07.2019 Чоп этиш версияси

Президент кубоги кимга насиб этди?

Президент кубоги кимга насиб этди?

Наманганда қўл жанги бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги” халқаро турнири бўлиб ўтди.

Мусобақаларда Ўзбекистон, Россия, Германия, Беларусь, Куба, Қозоғистон, Тожикистон давлатлари спортчилари қатнашди.

“Навбаҳор” марказий ўйингоҳида халқаро турнирнинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда мамлакатимизда спортга қаратилаётган катта эътибор самараси ўлароқ, спортнинг кўплаб турлари ривожланаётгани эътироф этилди. Айниқса, Наманган вилояти қатор нуфузли халқаро спорт мусобақаларига мезбонлик қилиб келаётгани наманганликларга ғурур-ифтихор бағишлаш баробарида, спортсевар ёшларга қанот бўлаётгани таъкидланди.

5.jpg

Қўл жанги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун чемпионлар лигаси халқаро мусобақасининг Наманганда ўтказилиши бежиз эмас. Спортнинг мазкур турини ривожлантириш борасида вилоятда эътиборга молик натижаларга эришилмоқда. Вилоят қўл жанги федерацияси тасарруфидаги 40 дан ортиқ секция ва бўлимларда 1000 нафардан зиёд ўғил-қиз малакали мураббийлар ёрдамида қўл жанги маҳоратини ўзлаштирмоқда. Наманганлик ёшлар турли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда.

2018 йилда илк бор вилоятимизда ташкил этилган Халқаро чемпионлар лигасида Алишер Жўрахоновнинг 1-ўрин эгаллагани, жорий йилда Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати мусобақасида иштирок этган Чуст тумани болалар ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Зарина Олимжонованинг бронза медалини қўлга киритгани фикримизнинг далилидир.

7.jpg

Спорт мухлислари 55, 60, 75, 80, 85, 90 килограмм вазн тоифасида бир-биридан қизғин ва муросасиз кечган 6 та жангни томоша қилиб қўл жанги спорти усталарининг маҳорат ва матонатига гувоҳ бўлди. 

Мусобақада 55 килограмм вазн тоифасида Ж.Мадихиянов (Қозоғистон) – И.Рамазонов (Ўзбекистон), 60 кг. вазн тоифасида Ю.Илькевич (Беларусь) – Ш.Раҳимова (Ўзбекистон), Ш.Маманазаров (Тожикистон) – Ш.Назаралиев (Ўзбекистон), 75 кг. вазн тоифасида М.Пушачев (Беларусь) – Ж.Жумаев (Ўзбекистон), 80 кг. вазн тоифасида К.Тарик (Германия) – Ж.Солижонов, 85 кг. вазн тоифасида В.Пикаро (Куба) – Ж.Раҳмоналиев, 90 кг. вазн тоифасида А.Солдаткин (Россия) – И.Комилов (Ўзбекистон) ўзаро куч синашди.

9.jpg

Якуний натижаларга кўра Ўзбекистон терма жамоаси 6:1 ҳисобида ғолиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Кубоги совриндори бўлди.

Республика Ички ишлар вазирлиги вилоят тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядининг кўргазмали чиқиши, таниқли санъаткор ва ёш истеъдодларнинг концерт дастури турнирнинг очилиш маросими иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Турнир очилиш маросимида вилоят ҳокими Х.Бозоров, Халқаро Қўл жанги федерацияси президенти С.Астахов, Ўзбекистон Республикаси Қўл жанги федерацияси раиси ўринбосари Б.Соатов сўзга чиқди.

12.jpg

15.jpg

5 077
Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар, ЎзА