Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.06.2019 12:48 Чоп этиш версияси

Прага шаҳрида ўзбeк ватандошлар ўртасида футбол турнири ўтказилди

Прага шаҳрида ўзбeк ватандошлар ўртасида футбол турнири ўтказилди

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан яқиндан таништириш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатларнинг узвий қисмидир. Бунда турли маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ва учрашувлар ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Европа давлатларида яшаётган, меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик юртдошлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган футбол турнири ана шундай тадбирлардан биридир.

“Давра кубоги” турнири “Давра” Германия – Ўзбекистон маданият жамияти ташаббуси ва Ўзбекистоннинг Берлин шаҳридаги элчихонаси, Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этиб келинмоқда.

Прага шаҳрида ўтказилган бу йилги мусобақада Европанинг турли мамлакатларидан келган юртдошларимизнинг 14 жамоаси ғолиблик учун курашди. Бу ҳақда “Дунё“ ахборот агентлиги хабар қилади.

Турнир давомида жамоалар аъзолари нафақат футбол майдонида тўп сурди, балки самимий мулоқотлар ташкил қилиб, оилалар ва фарзандлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашди. Шунингдек, турли миллий ўйинлар ташкил этилиб, ёш ўғил-қизлар миллий қадрият ва анъаналаримиз билан яқиндан таништирилди.

e5bb2eef8c52edee7b95e18f658b580e.jpg

Мамлакатимиз дипломатик миссиялари масъул ходимлари томонидан консуллик-ҳуқуқий масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

– Турнир байрамона ва кўтаринки руҳда ўтди, – дейди “Давра” маданият жамияти раиси, “Туркистон тревл” сайёҳлик компанияси раҳбари Анвар Шерматов. – 2013 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад – хорижда яшаётган ватандошлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, самимий ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришдир.

Мусобақа финалида Мюнхен ва Дортмунд шаҳарларидан келган ҳамюртларимиз жамоалари майдонга тушиб, ўйин якунида Бавариядан келган ҳаваскор футболчилар қўли баланд келди.

ЎзА