Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 20:20 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда сув спорти турлари бўйича IX Осиё чемпионати бошланди

Пойтахтимизда сув спорти турлари бўйича IX Осиё чемпионати бошланди Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз сузиш федерацияси ҳамда Осиё сузиш федерацияси (AASF) томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақада қитъамизниг 26 давлатидан мингга яқин спортчи ғолиблик учун баҳслашмоқда. Чемпионатда Ватанимиз шарафини 130 дан ортиқ спортчи ҳимоя қилмоқда.

Чемпионатнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, сузиш федерацияси раиси Қ.Санақулов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказишга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самарасида ёшларимиз ўртасида сув спорти турлари оммалашиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

– Осиё чемпионати юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Осиё сузиш федерацияси вице-президенти Вирендра Нанавати. – Мамлакатингизда барча соҳалар қатори спорт ҳам жадал тараққий этаётгани, болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, ёшларнинг барча қатламини – умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан тортиб олий ўқув юртлари талабаларигача ўзига қамраган ноёб тизимнинг йўлга қўйилгани таҳсинга лойиқ. Бундай эътибор спортчиларингизнинг халқаро майдонларда юксак натижаларга эришишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон сузиш федерацияси 1992 йили ташкил этилган. Мамлакатимизда сув спорти турларини янада ривожлантириш ва иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2013 йилдан сув спортининг барча турлари мазкур федерация таркибига бириктирилди.

Федерация томонидан сув спорти турларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортчиларнинг машғулот ўтказиши учун замонавий шароит яратиш, малакали мураббийлар тайёрлаш, нуфузли мусобақаларни ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2014 йили пойтахтимизда Ўзбекистон сузиш федерацияси тасарруфидаги сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Муассасада замонавий сузиш ҳавзаси, спорт зали, тренажёр зали, кийим алмаштириш, ювиниш, тиббиёт ва маъмурий хоналар мавжуд. Сузиш ҳавзаси сувни тозалаш ва ҳароратни бир маромда сақловчи замонавий ускуналар билан таъминланган.

Юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий, халқаро талабларга жавоб берадиган сув спорти саройлари ва сузиш ҳавзаларининг барпо этилаётгани ўғил-қизлар ўртасида ушбу спорт турларига бўлган қизиқиш тобора ортишига хизмат қилмоқда. Спортчиларимиз турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритаётир. Бугунги кунда 20 мингдан ортиқ ўғил-қиз мазкур спорт турлари билан юртимиздаги икки юздан ортиқ сузиш ҳавзасида мунтазам шуғулланаётир.

Осиё чемпионатида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган сузиш, синхрон сузиш, сув полоси ва сувга сакраш бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
4 728






Все о погоде - Pogoda.uz