Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 12:00 Чоп этиш версияси

Пойтахт шарафини 85 ўғил-қиз ҳимоя қилади

“Баркамол авлод” мусобақаларининг бу йилги финал босқичи Жиззах вилоятида ўтказилади. Ушбу спорт байрамида пойтахтимиздан 16 спорт тури бўйича 85 нафар ўқувчи иштирок этади.

“Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари спортнинг ўн етти тури –енгил атлетика, бадиий гимнастика, футбол, баскетбол, гандбол, волейбол, эркин ва юнон-рум курашлари, сузиш, бокс, оғир атлетика, дзюдо, стол тенниси, теннис, бадминтон, шахмат ва таэквондо (WTF) бўйича ўтказилади.

Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан маълум қилишларича, “Баркамол авлод – 2017” финал босқичида туман, шаҳар ва минтақавий миқёсда ўтказилган саралаш мусобақаларида ўз маҳоратини намоён этган 85 нафар ёш спортчи пойтахт шарафини ҳимоя қилади.

Нуфузли спорт анжуманининг якуний босқичида мусобақалар дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича пойтахтимиз терма жамоаси Республика олимпия захиралари коллежи, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги академик лицей, Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежи, Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей ва турли коллежларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлардан ташкил топган.

– “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларига ёшларимиз пухта тайёргарлик кўрмоқда, – дейди баскетбол бўйича Тошкент шаҳар терма жамоаси мураббийи Юрий Салмов. – Ишонамизки, ҳал қилувчи финал мусобақаларида ҳам вакилларимиз юқори поғоналарни эгаллайди.

Теннис баҳсларида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Камола Умарова қатнашади.

– “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларида иштирок этиш ҳар бир ёш спортчининг ҳаётида унутилмас воқеадир, – дейди К.Умарова. – Жиззаxда бўлиб ўтадиган мусобақаларда юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз. Бу мусобақа бизни келгусида халқаро майдондаги йирик спорт анжуманларида ҳам муносиб қатнашишимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 581






Все о погоде - Pogoda.uz