ЎзА Ўзбек

11.02.2019 12:46 Чоп этиш версияси

Полвонларимиз Загребда шоҳсупага кўтарилди

Полвонларимиз Загребда шоҳсупага кўтарилди

Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида юнон-рум кураши бўйича катталар ўртасидаги гран-при турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иккитадан олтин ва бронза, бир кумуш медалга сазовор бўлди.

Мусобақада дунёнинг 20 давлатидан келган 200 га яқин полвон келаси йили Японияда ўтадиган Олимпия ўйинлари лицензияси учун рейтинг очколарини тўплаш мақсадида ўзаро рақобатлашди.

Вазни 63 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида ҳамюртимиз Исломжон Баҳромов финал баҳсида АҚШ вакили Хавиер Трамаен Жонсонни енгиб олтин медални қўлга киритди. Ушбу вазнда бронза медали учун ўтган беллашувда яна бир вакилимиз Феруз Тўхтаев америкалик Травис Мишел Рисни енгди.

Маҳоратли полвонимиз Елмурат Тасмурадов 67 килограммгача вазн тоифасидаги финал баҳсида руминиялик Раду Михутнига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва олтин медаль билан тақдирланди. 

Гран-при баҳсларида, шунингдек, вакилларимиздан Мўминжон Абдуллаев кумуш, Жаҳонгир Турдиев бронза медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси турнирнинг умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи поғонадан Туркия терма жамоаси жой олган бўлса, кучли учликка Хорватия терма жамоаси якун ясади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА​
2 393