ЎзА Ўзбек

23.07.2018 09:38 Чоп этиш версияси

Пляж футболи: “Когон” Ўзбекистон Кубоги соҳиби

Пляж футболи: “Когон” Ўзбекистон Кубоги соҳиби
Қарши шаҳрида пляж футболи бўйича Ўзбекистон Кубоги мусобақаси давом этаётганлиги ҳақида хабар бергандик. Қаршининг “Геолог” спорт мажмуаси ҳудудидаги, футболнинг бу тури бўйича расмий ва халқаро турнирлар ўтказиш талабига жавоб бера оладиган Республикада ягона ҳисобланган пляж майдонида беш кун давом этган турнир ниҳоясига етди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи финал ўйинида майдон эгалари – “Насаф” футбол клуби қошидаги футбол академияси мураббийлари ҳамда мамлакатимизда 2007 ва 2012 йиллар оралиғида айнан пляж футболи бўйича ўтказилган мамлакат чемпионати ва Кубоги ўйинларининг доимий иштирокчиси, икки каррадан чемпион ва Кубок соҳиби, бир маротабадан кумуш медал эгаси ва Кубок финалчиси, бир сўз билан айтганда пляж футболи усталари “ Когон” жамоаси ўзаро куч синашишди.

2efb9703-ad8b-4299-9d77-67418dfb9113.jpg

Фурқат Хайруллаев асос солган, айни пайтда унинг шогирди ва фарзанди Фузулий Хайруллаев бош мураббийлик қилаётган “Когон” нафақат пляжда етакчилик қилди, балки футзал бўйича мамлакат чемпионатида Pepsi Суперлига вакили “Бухоро” шарафини ҳимоя қилаётган, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Республика миқёсида ташкил этилувчи турли турнирларда гоҳ “Когон” номи билан когонликлар, гоҳ “Бухоро” номи билан бутун бухороликлар шарафини шараф билан ҳимоя қилаётган “Когон” жамоаси мусобақа ғолиби бўлди. Когонликлар ҳал қилувчи баҳсда рақиблари дарвозасини тўрт бор нишонга олишиб, ўз дарвозаларидан битта тўп ўтказиб юборишди.

1c98bb3d-9899-480a-86ba-1408a80beb2e.jpg

Шу кўйи, “Ўзбекистон Кубоги – 2018”да “Когон” жамоаси Кубок соҳиби, “Насаф” эса финалчи сифатида тарихга ёзилди. Мусобақада шунингдек, энг яхшилар ҳам аниқланди. Унга кўра, “Энг яхши дарвозабон” деб Асадулло Полвонов (“Насаф”), “Энг яхши ҳимоячи” деб Жўрабек Аҳмедов (“Когон”), “Энг яхши ҳужумчи ва тўпурар” деб эса Соҳибжон Нарзуллаев (“Когон”, 10 та тўп) топилди ва ташкилотчилар томонидан мукофотланди.

1c6ff574-7d94-4644-b719-b4b47432a286.jpg

Мусобақанинг барча иштирокчилари мазкур турнирни ташкил этишда ва ўтказишда бош-қош бўлган Ўзбекистон футбол ассоциациясига, Профессионал футбол лигасига, Қашқадарё вилоят футбол ассоциациясига ҳамда маъқул шароит яратиб берган “Шўртангазкимё” мажмуасига ва уларнинг раҳбарларига миннатдорликларини билдиришди.

Ойбек Юнусов, ЎзА
7 556