ЎзА Ўзбек

09.02.2019 Чоп этиш версияси

Питер Одемвингие Ўзбекистон чемпионатида ўйнайди...ми?

Питер Одемвингие Ўзбекистон чемпионатида ўйнайди...ми?

Бугун Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси ўз академиясига қарашли майдонда “Бухоро” клубига қарши назорат учрашувида майдонга тушди. Қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтган ўйинда ҳисоб очилмади.

Аммо бизнинг диққатимизни бошқа жиҳат тортди. Мазкур учрашувни томоша қилиш учун келган инсонлар орасида ўз вақтида Франция 1-дивизиони, Англия Премьер-лигаси ва Россия чемпионатида фаолият олиб борган нигериялик таниқли футболчи Питер Одемвингие ҳам борлигини кўриб қолдик.

photo5402201258250578406.jpg

Футболчи билан суҳбатлашганимизда у шунчаки дўстлари ва яқинларини кўриш учун Ўзбекистонга келганини таъкидлаган бўлса-да, “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Питерни суперлигада жамоасига ёрдам бериш учун чақирганлигини яширмади. Кўрамиз, тажрибали футболчи “қалдирғочлар” сафида тўп тепармикан?

Юртдошларимиз яхши билса керак, Питер Одемвингие 1981 йил 15 июлда Тошкентда туғилган. Футболдаги илк сабоқларни ҳам айнан юртимизда олган. Профессионал фаолияти давомида Франциянинг “Лилль”, Москванинг “Локомотив”, Англиянинг “Вест Бромвич”, “Кардифф Сити”, “Сток Сити” каби жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Сўнгги йилларда у Малайзиянинг “Мадура Юнайтед” клуби таркибида тўп тепиб келаётган эди.

9 274
Отабек Эшмаматов, ЎзА​​