ЎзА Ўзбек

14.07.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Пепси Суперлига: “Насаф”дан омад буткул юз ўгирди...ми?!

Пепси Суперлига: “Насаф”дан омад буткул юз ўгирди...ми?!
Кеча мамлакат миллий чемпионати Пепси Суперлигасининг қолдирилган 14-доирасидаги сўнгги учта ўйини ўтказилди. Унинг иккитасида мезбонларнинг ғалабаси кузатилган бўлса, биттасида дуранг натижа қайд этилди.

“Қўқон 1912” – “Металлург” жамоалари учрашуви бекободликлар учун кучлилар сафидаги 600-ўйин эди. “Металлург” юбилей учрашувида 200-ғалабасини қўлга киритиши мумкин эди, бироқ футболчилар бунинг уддасидан чиқа олмадилар. Ваҳоланки, учрашувда биринчи бўлиб ҳисобни айнан бекободликлар очишганди. Бироқ мағлубиятга учраётган мезбонлар катта куч билан олдинга ташланишди. Нўъмон Ҳасановнинг янги футболчиларни майдонга туширганлиги ҳам қўл келди. Тез орада “Металлург” дарвозасига пеналти белгиланди ва 11 метрлик белгидан жарима тўпини “Қўқон 1912” жамоасининг “штатдаги пеналтичиси” Мурод Ҳолмуҳаммедов бехато амалга оширди – 1:1. Албатта, бу натижа ҳам мезбонларни қониқтирмасди. Улар яна ҳимояни унутган ҳолда ҳужумга ташланишди. Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга беш дақиқа вақт қўшиб берилди. Олтинчи дақиқа ўтиб бораётганда эса “Металлург” ҳимоячилари босимга бардош бера олишмади ва иккинчи голни ўтказиб юборишди. 

a67a19fd-3ea3-45e7-b508-ece5b99ddbc7.jpg

“Локомотив” – “Навбаҳор” ўйинида дарвозаларга тўртта гол киритилди, тўрттасининг муаллифи ҳам мезбонлар вакиллари бўлишди. Фақат Кахи Махарадзе ҳисобига ёзилган гол ўз дарвозасига йўналтирилганди. “Темирйўлчилар” биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ғалабага замин яратиб бўлишганди, иккинчи бўлимда эса ютуқни расмийлаштирди холос.

83d71d17-bdcc-4020-a8c6-c891adc559a0.jpg

“Насаф”дан бу мавсум омад юз ўгиргани шундоқ исботини топиб бўлди. Иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган жамоанинг иккинчи даврага келиб хорижлик футболчилари тарк этишди, нафақат легионерлар, балки Жаъсур Ҳасановдек маҳаллий, тажрибали футболчи ҳам омадини АГМКдан излаб кўришни афзал билди. Бу йўқотишлар турган гапки, жамоага таъсирини кўрсатмоқда. Аввалги турда ҳам қаршиликлар ўз майдонида “Навбаҳор” билан дуранг ўйнашганди, бу сафар ҳам мезбон бўла туриб “Қизилқум” дарвозасини ишғол эта олишмади. Хайриятки, ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишмади. “Насаф” гарчи муаммоларга дуч келаётган, етакчилари тарк этаётган бўлса-да, сабот билан ўз анъаналарини давом эттиришга ҳақлидек эди. Таркиб ҳам бутунлай кучсизланиб қолганича йўқ, ҳарқалай Санжар Қувватов, Мақсуд Каримов, Одилжон Ҳамробеков, Бобир Абдухолиқов, Азиз Ғаниев каби маҳоратли футболчилари ҳамон майдонда. Лекин натижа кўнгилдагидек эмас...

14-тур. 13 июль.

“НАСАФ” — “ҚИЗИЛҚУМ” - 0:0 

“ҚЎҚОН-1912” - “МЕТАЛЛУРГ” - 2:1
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов (75-пен.), Беҳруз Саъдуллоев (90+4) - Зоҳид Абдуллаев (68).

“ЛОКОМОТИВ”— “НАВБАҲОР” - 3:1
Голлар: Марат Бикмаев (12), Сардор Рашидов (44), Кахи Махарадзе (49, ўз дарв.), Темурхўжа Абдухолиқов (90+23.

14-турни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 16-турдан кейин турнир жадвалини ҳамон “Пахтакор” жамоаси бошқариб бормоқда. “Шерлар” ихтиёрида 36 очко бор. Иккинчи ўринда бораётган “Бунёдкор” эса пешқадамдан тўрт очкога ортда қоляпти. “Қалдирғочлар”дан тўрт очко фарқ қилаётган “Навбаҳор” жамоаси эса кучли учликни якунламоқда. Иккинчи босқичга йўлланма олувчи олтиликдан, шунингдек 28 очко билан “Локомотив”, 25 очко билан “Бухоро” ҳамда 23 очко билан “Металлург” жамоалари жой олишган. 7-10-ўринлардаги жамоалар – “Насаф” (20 очко), “Қўқон-1912” (18 очко), “Қизилқум” (17 очко), “Сўғдиёна” (15 очко). Аутсайдерлар сафида бораётган АГМКда 14, ҳали бирон марта ҳам ғалаба нашидасини сура олмаган “Нефтьчи” жамоасида эса 7 очко мавжуд.

Тўпурарлар баҳсида 14-турда “Нефтьчи” жамоаси дарвозасига иккита гол урган Жавлон Иброҳимов тўплари сонини саккизтага етказиб, бу борада хорижлик легионерлар- Тиаго Безерра, Исмоил Гонсалвеш (иккаласи ҳам “ Пахтакор”дан) ва Элгужа Григалашвили (“Қизилқум”, 7 тадан) ни ортда қолдирди.

Ойбек Юнусов, ЎзА
4 952