ЎзА Ўзбек

13.05.2019 23:22 Чоп этиш версияси

Парадзюдо: Боку Гран-присининг илк кунида 5та медаль қўлга киритилди

Парадзюдо: Боку Гран-присининг илк кунида 5та медаль қўлга киритилди

Шу кунларда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида парадзюдо бўйича Гран-при турнири ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этаяпти.

Мазкур мусобақа Токио-2020 Паралимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши билан ҳам аҳамиятли саналади. Шу боис унда энг кучли парадзюдочилар баҳс олиб бормоқда.

Бугун ўтказилган мусобақанинг илк кунги беллашувлари ўзбекистонлик спортчилар учун сермаҳсул бўлди. Вакилларимиз Боку гран-присининг биринчи кунидаёқ иккита олтин ва учта бронза медалини қўлга киритди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматидан хабар беришича, Ўзбекистон спорт делегациясига дастлабки олтин медални 73 кг.гача бўлган вазн тоифасида баҳсларга киришган бухоролик Феруз Саидов тақдим этди. Биринчи учрашувда бразилиялик Пиментеля Луанни иппон баҳоси эвазига мағлуб этган вакилимиз навбатдаги баҳсда қозоғистонлик Далет Темиржандан устун келди. Ярим финалда Озарбайжон вакилига муносиб қаршилик кўрсата олган ютдошимиз ҳал қилувчи финал баҳсида украиналик Руфат Магомедовни ҳам мағлубиятга учратди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

81 кг.гача бўлган вазн тоифасидаги полвонимиз Давурхон Караматов ҳам олтин медаль соҳибига айланди. У биринчи беллашувида АҚШ вакилидан устун келди. Кейин эса россиялик Руслан Албагачиевни иппон, яъни соф ғалаба эвазига мағлуб этди. Чорак финалда бразилиялик Перейрани ва ярим финал мексикалик Авила Санчеснинг курагини ерга теккизган полвонимиз финалда мезбонлар вакили Рахимли Хусейнни ҳам доғда қолдирди ва 1-ўринни эгаллади.

Боку татамиларида бронза медалларини эса қизларимиз қўлга киритди. Лобар Хуррамова (-48 кг.) 3-ўрин учун баҳсда туркиялик Тасин Есемдан устун келди. Севинч Салаева (-52 кг.) эса германиялик Рамона Руссигни мағлуб этди ва у ҳам бронза медали соҳибасига айланди. Учинчи бронзани эса 57 кг.гача вазн тоифасида иштирок этган Парвина Самандарова қўлга киритди.

Мусобақалар давом этмоқда.

ЎзА
4 098