ЎзА Ўзбек

29.10.2012 20:33 Чоп этиш версияси

“Пахтакор” яна чемпион бўла оладими?

Футбол бўйича Ўзбекистон XXI миллий чемпионати олий лигаси беллашувлари якунланишига икки тур қолди. Фақат “Пахтакор” ва “Бунёдкор” жамоаларида чемпионлик учун курашиш имконияти бор.

24-турда Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилган “пахтакор”чилар Темурхўжа Абдухолиқов ва Станислав Андреевнинг узоқ масофадан йўллаган аниқ зарбалари эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучди. Ўз тарихида тўққизинчи чемпионликни қўлга киритишга интилаётган “Пахтакор” ҳисобидаги очколар 53 тага етди.

“Бунёдкор” чемпионлик пойгасидан чиқиб кетмаслик учун ушбу турнинг ноябрь ойига қолдирилган учрашувида сафарда “Шўртан”ни енгиши зарур.

Фарғонада “Нефтчи” билан голсиз дуранг қайд этган “Насаф” футболчилари энди кучли учликдаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашади. Уларни “Локомотив” таъқиб этмоқда. Ўз майдонида “Навбаҳор” дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, тўртинчи ўринга кўтарилган “темирйўлчилар” айни пайтда “Насаф”дан атиги уч очкога ортда.

“Андижон” жамоаси эса ўз мухлислари кўз ўнгида “Олмалиқ”дан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради ва бу йилги мусобақани сўнгги поғонада якунлайдиган бўлди. “Машъал” жамоаси ҳам Муборакда “Бухоро” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, очколари сонини 23 тага етказганига қарамай, биринчи лигага тушиб кетиши мумкин. Шунингдек, пешқадамлардан мағлуб бўлган “Динамо” ва “Навбаҳор”, мазкур турда ўзаро дуранг ўйнаган “Қизилқум” ва “Металлург” жамоалари ҳам олий лигадаги жойини сақлаб қолиши учун сўнгги икки турда ижобий натижа қайд этиши лозим.


ЎзА, Зоҳир Тошхўжаев
7 377