ЎзА Ўзбек

01.04.2019 11:57:41 Чоп этиш версияси

“Пахтакор” якка пешқадам, уларни бирйўла 4 жамоа таъқиб этмоқда


Кеча Ўзбекистон суперлигасининг 2-тур ўйинлари якунланди.

Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтган “водий дербиси”да “Қўқон-1912” ҳамда “Андижон” жамоалари тўқнаш келди. Гарчи учрашув “дерби” мақомига хос тарзда муросасиз кечган бўлса-да, якунда дарвозалар дахлсизлиги сақлаб қолинди. Шу тариқа ҳар икки жамоа ўз ҳисобига биттадан очко ёзиб қўйди.

Қаршида эса “Насаф” жамоаси Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди. Ўтган йили жиззахликлар Қаршидан ғалаба билан қайтганди. Бу сафар гарчи таркиби анча ёшарган бўлса-да “аждарлар” ўтган йилги мағлубият учун ўзига хос тарзда “реванш” олишди, дейиш мумкин.

Учрашув бошидаёқ сўнгги вақтларда “Насаф” етакчисига айланиб бораётган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзоси Дилшод Саитов ҳисобни очди. Бу Дилшоднинг суперлигадаги иккинчи голи эди ва у тўпурарлар сафига қўшилди. Аммо 33-дақиқага келиб “Сўғдиёна”нинг болқонлик легионери Никола Милинкович мувозанатни тиклади. Ушбу вазиятда унга тўпни жамоадоши Нуриддин Ҳасанов ажойиб тарзда етказиб берганини таъкидлаш керак.

Иккинчи бўлимни ҳам “аждарлар” кўтаринки руҳда бошлади ва аввалига Бобурбек Давлатов ҳисобни 2-1 кўринишига келтирган бўлса, 66-дақиқада Ойбек Бозоров учрашувга якуний нуқтани қўйди: “Насаф” – “Сўғдиёна” – 3:1.

Шу тариқа 2-тур ўйинларидан кейин “Пахтакор” 6 очко билан якка пешқадамга айланди. Бирйўла тўртта клуб 4тадан очко жамғарган. Булар – “Қизилқум”, “Насаф”, “Металлург” ва “Сурхон” жамоаларидир. Жадвалнинг сўнгги поғонасини ҳозирча битта ҳам очко жамғаришга муваффақ бўлмаган “Бунёдкор” клуби эгаллаб турибди.

Тўпурарлар баҳсида ҳам “Пахтакор” аъзоси Драган Черан етакчилик қилмоқда. Унинг ҳисобида 3та гол мавжуд. Элгужа Григилашвили (“Қизилқум”), Шерзод Ҳакимов (“Сурхон”) ҳамда Дилшод Саитовлар (“Насаф”) иккитадан голга муаллифлик қилишган.

Ўзбекистон суперлигасининг 3-тур ўйинлари 5-7 апрель кунлари ўтказилади.