ЎзА Ўзбек

28.11.2019 Чоп этиш версияси

“Пахтакор” стадиони бўйича расмий баёнот

“Пахтакор” стадиони бўйича расмий баёнот

“Пахтакор” стадиони ўрнида янги стадион қурилиши клуб режаларидан ўрин олган”, деб ёзмоқда клуб матбуот хизмати.

“Айни пайтда стадионнинг янги кўриниши қандай бўлиши аниқланмоқда, тақдим қилинган лойиҳалар орасидан бирини танлаб олиш жараёни кетмоқда.

Сайтимизда эълон қилинган тендердан сўнг 20 га яқин компаниялар ўз таклифларини билдиришган. Стадион ФИФАнинг охирги талабларига жавоб берадиган ҳолатда бунёд этилиши сабабли охирги қарорга келишдан аввал барчасини пухта ўйлаб кўриш талаб этилади. Маъқул деб топилган лойиҳа танлангач, стадион пойтахтимиз марказида жойлашиши ва унинг кўркига айланиши мақсадида ҳукуматнинг тегишли идоралари билан биргаликда қурилиш ишлари қачон бошланиши борасида тўхтамга келинади.

Айни ҳолатда эса стадионни бузиш ишлари қачон бошланиши аниқ эмас. Лойиҳа масаласи аниқ бўлиши билан бу ҳақида маълумот расмий сайтимизда тақдим этилади”, – баёнот берди “Пахтакор” клуби расмий сайти.

Tribuna.uz манбасининг маълум қилишича, янги стадион қурилиши клуб бош ҳомийси саналмиш “SFI Management Group” томонидан молиялаштирилади. Ҳозирда бир қатор хориж компаниялари клуб раҳбариятига янги арена лойиҳаси бўйича ўз таклифини берган.

“Пахтакор” клуби янги стадион қурилиб, фойдаланишга топширилишига қадар, 2020 йилги мавсум ўйинларини Тошкентдаги “Жар” стадионида ўтказади.

Маълумот ўрнида, “Пахтакор” стадиони 1956 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунгача икки марта - 1996 ва 2008 йиллар қайта таъмирланган. Аввалига стадион сиғими 55 минг томошабинга мўлжалланганди, 2008 йилги реконструкциядан сўнг алоҳида ўриндиқлар ўрнатилгач, стадион сиғими 34 мингга қисқарганди.

5 122
ЎзА